Ўзбекистонга туристлар оқими 21 фоизга ошди
2026-йилнинг январ–август ойларида Ўзбекистонга туристик мақсадларда 9,1 млн нафардан ортиқ чет эл фуқароси ташриф буюрди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 21,1 фоизга кўп.

Ўзбекистонга туристлар оқими 21 фоизга ошди
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг дастлабки саккиз ойида туристик мақсадларда Ўзбекистонга келган чет эл фуқаролари сони 9 млн 102,7 минг нафарни ташкил этди.
Бу кўрсаткич 2025-йилнинг мос даврига нисбатан 1,6 млн нафарга ёки 21,1 фоизга кўпайган.
Ўзбекистонга энг кўп турист Қирғизистон Республикасидан келган — 2 млн 524,4 минг нафар. Ундан кейинги ўринларда Қозоғистон — 2 млн 171,6 минг ва Тожикистон — 2 млн 25,4 минг нафар билан қайд этилган.
Саккиз ой давомида Россиядан 867,8 минг нафар, Афғонистондан 329,6 минг нафар, Хитойдан эса 318,5 минг нафар турист Ўзбекистонга ташриф буюрган.
Шунингдек, Туркманистондан 224,8 минг, Туркиядан 130,2 минг, Ҳиндистондан 39,5 минг ва Германиядан 32,2 минг нафар чет эл фуқароси туристик мақсадларда келган.

