Ўзбекистонга кўчиб келганлар сони 2,5 баробарга ошди
2026-йилнинг биринчи ярмида хориждан Ўзбекистонга доимий яшаш учун 1 649 киши кўчиб келди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,5 баробар кўп бўлиб, кўчиб келганларнинг энг катта қисми Россия ва Қозоғистон ҳиссасига тўғри келган.

Ўзбекистонга доимий яшаш мақсадида кўчиб келувчилар сони 2,5 бараварга ошди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълумот берди.
Қўмита эълон қилган рақамларга кўра, 2026-йилнинг январидан июнгача бўлган даврда хорижий мамлакатлардан Ўзбекистонга жами 1 649 нафар шахс доимий яшаш учун кўчиб келган. Бу кўрсаткич 2025-йилнинг шу даврига нисбатан 976 нафарга кўп бўлиб, 2,5 баравар ўсишни ташкил этади.
Ўзбекистонга кўчиб келганлар орасида Россия Федерациясидан келганлар сони энг юқори бўлиб, 580 нафарни ташкил этади. Кейинги ўринларда Қозоғистон (362 нафар) ва Тожикистон (147 нафар) қайд этилган. Бошқа давлатлардан эса жами 560 киши кўчиб келган.
Ҳудудлар бўйича таҳлил қилинганда, хориждан кўчиб келганларнинг аксарияти Тошкент шаҳрини танлаган. Пойтахтга олти ой ичида 1 089 киши доимий яшаш учун жойлашган.
Қолган ҳудудларга кўчиб келганлар сони қуйидагича: Тошкент вилоятига 269 нафар, Қорақалпоғистон Республикасига 115 нафар, Навоий вилоятига 31 нафар ва Самарқанд вилоятига 22 нафар.
Шунингдек, Хоразм вилоятига 21 нафар, Сурхондарё вилоятига 18 нафар, Сирдарё ва Фарғона вилоятларига 15 нафардан, Бухоро ва Наманган вилоятларига 13 нафардан шахс кўчиб келган. Жиззах вилоятига 12 нафар, Андижон вилоятига 11 нафар ҳамда Қашқадарё вилоятига 5 нафар киши хориждан доимий яшаш учун келган.
Статистик маълумотларга кўра, 2026-йилнинг биринчи ярмида хориждан Ўзбекистонга доимий яшаш учун кўчиб келганларнинг қарийб учдан икки қисми Тошкент шаҳрига жойлашган.

