Ўзбекистонга кириб келаётган кимёвий ва биологик препаратлар текшириляптими? – биолог билан суҳбат
Ўсимликларга борган сайин кўпроқ кимёвий ва биологик препаратлар ишлатиляпти. Бунинг оқибати нима бўлади, Яратганга аён

Ўзбекистонга кириб келаётган кимёвий ва биологик препаратлар текшириляптими? – биолог билан суҳбат
Ўсимликларга тобора кўпроқ кимёвий ва биологик препаратлар қўлланмоқда. Бунинг қандай оқибатларга олиб келиши Яратганга аён. Аммо сиз-у биз бир саволни беришга ҳақлимиз: мамлакатга кириб келаётган моддалар текшириляптими? Зарарларни камайтириш учун етарли чоралар кўрилаяптими? Хатарлар баҳоланаяптими? Шу масалада биология фанлари доктори Бахтиёр Расуловга саволлар билан мурожаат қилдик.
: Ўзбекистонга четдан кириб келаётган, ўсимликларга ишлатиладиган препаратлар етарли даражада текширувдан ўтяптими?
Аввало шуни айтиш керакки, бу мавзуда гапириш, кенг жамоатчилик ва масъул идораларга бугун кечаётган жараён ҳақида маълумот етказиш зарур. Сиз саволни тўғри қўйдингиз, чунки сўнгги пайтларда Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида қўлланаётган кимёвий воситалар жуда кўпайиб кетди.
Қишлоқ хўжалигида кенг ишлатилаётган воситаларни шартли равишда икки гуруҳга ажратиш мумкин: кимёвий ва биологик воситалар. Кимёвий воситалар — таъсир этувчи моддаси кимёвий табиатга эга бўлган препаратлар. Улар фунгицидлар, инсектицидлар, гербицидларни ўз ичига олади. Биологик воситалар эса таъсир этувчи моддаси тирик ҳужайрага асосланган воситалардир. Булар кўпроқ биологик ўғитлар, биопрепаратлар, биофунгицидлар каби препаратларни қамраб олади. Ҳар икки тур учун алоҳида талаблар мавжуд.
Аввало, четдан олиб келинаётган кимёвий воситанинг асосий таъсир этувчи моддаси аниқланиши керак. Масалан, препарат таркибида А модда бор, дейилса, Ўзбекистондаги масъул лаборатория буни текшириб, тасдиқлаганидан кейингина кейинги синовларга рухсат берилади. Аксарият ҳолларда таркиб ҳақидаги маълумотни ишлаб чиқарувчи фирма ёки компаниянинг ўзи тўлдириб беради. Биз ишонч ҳосил қилиш учун уни лабораторияда тегишли асбоб-ускуналарда текшириб олишимиз керак. Бунинг қийин жойи йўқ. Илмий-тадқиқот институтларида кимёвий, хусусан, органик моддаларни аниқлашнинг барча усуллари ўзлаштирилган. Аммо моддаларни рўйхатга олувчи идораларимизда бу ишлар қилинадими, йўқми — менга қоронғи.
Ҳар қандай препарат киритилаётганда уни текширишимиз кераклиги қоидага киритилганми?

