Ўзбекистондаги кибержиноятларнинг 90 фоизи хориждан туриб содир этилмоқда — ИИВ
Ўзбекистондаги кибержиноятларнинг 90 фоизи трансчегаравий хусусиятга эга бўлиб, чет элдан туриб содир этилмоқда. ИИВ фирибгарлар одамларнинг ишонувчанлиги ва рақамли саводхонлиги етарли эмаслигидан фойдаланаётганини таъкидлаб, фуқароларни киберхавфсизлик қоидаларига риоя қилишга чақирди.

Ўзбекистондаги кибержиноятларнинг 90 фоизи хориждан содир этилмоқда — ИИВ
Ўзбекистонда деярли ҳар иккинчи жиноят ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилмоқда. Шу билан бирга, кибержиноятларнинг 90 фоизи трансчегаравий хусусиятга эга бўлиб, хориждан туриб содир этилмоқда. Бу ҳақда ички ишлар вазири ўринбосари Рамазон Ашрапов 7 октябрь куни аҳолига йўллаган мурожаатида маълум қилди.
«Бу рақамлар ортида минглаб ватандошларимизнинг пешона тери билан топган маблағлари, оилалари фаровонлиги ва хотиржамлиги турибди. Бироқ очиқ айтиш керак: агар бундай жиноятларга қарши курашни фақат ҳуқуқ-тартибот идоралари олиб борса, кутилган натижаларга эришиб бўлмайди», — деди у.
«Фирибгарлар асосан одамларнинг ишонувчанлиги, бепарволиги ва рақамли саводхонлиги етарли эмаслигидан фойдаланмоқда», — деб таъкидлади Рамазон Ашрапов.
Вазир ўринбосари киберхавфсизликнинг асосий қоидаларини санаб ўтди ва жамоатчиликни уларни атрофдагиларга, болалар ва кекса қариндошларга тушунтиришга чақирди:
ижтимоий тармоқлардан шубҳали ва номаълум файлларни, айниқса APK форматидаги файлларни, ҳатто уларни яқин киши юборган бўлса ҳам, очмаслик ва юклаб олмаслик;
турли идоралар ходимлари сифатида ўзини таништириб, код ва паролларни сўраётган нотаниш рақамлардан бўлган қўнғироқларга ишонмаслик;
қисқа вақт ичида киритилган маблағларни бир неча баробар кўпайтиришни ваъда қиладиган онлайн-майдончалар ва сохта платформаларга ишонмаслик;
интернет орқали харид қилишда сотувчининг ишончлилиги текширилмагунча олдиндан тўловни амалга оширмаслик;
банк картасининг ПИН-кодини ва телефонга келган СМС-кодни ҳеч кимга маълум қилмаслик.
Ўзбекистон ИИВ тизимида 2026 йил «Кибержиноятчиликка қарши курашиш йили» деб эълон қилинди. Вазирлик маълумотларига кўра, биринчи ярим йилликда мамлакатда 9000 дан ортиқ кибержиноят фош этилган, 13 мингдан ортиқ фуқарога 120,49 млрд сўм миқдоридаги зарар қоплаб берилган.
Январь ойида Ўзбекистон президенти ИИВнинг уч йил аввал ташкил этилган Киберхавфсизлик маркази фаолиятида сезиларли натижалар йўқлигини маълум қилган эди.

