Ўзбекистонда яна ноқонуний Умра сафарларини ташкил этиш схемаларига чек қўйилди

Ўзбекистонда ноқонуний умра сафарларини ташкил этиш билан боғлиқ схемаларга яна чек қўйилди
Андижон ва Фарғона вилоятларида умра амалини бажариш учун Саудия Арабистонига ноқонуний сафарларни ташкил этиш бўйича янги ҳолатлар аниқланди. Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати маълумотларига кўра, зиёратни ташкил қилишда ёрдам бериш эвазига фуқаролардан бир неча минг доллар талаб қилинган.
Жумладан, Андижонда умра сафарларини ташкил этиш бўйича лицензияга эга бўлмаган туристик фирма ходими ҳуқуқ-тартибот идоралари эътиборига тушди. У Балиқчи туманида яшовчи фуқарога унинг тўрт нафар қариндошини Саудия Арабистонига юборишни таклиф қилиб, бунинг эвазига 4,4 минг доллар сўраган. ДХХ ва ички ишлар органлари ходимлари томонидан ўтказилган ҳамкорликдаги операция давомида эркак пулларни олаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланди.
Яна бир ҳолат Фарғона вилоятида аниқланди. Тошлоқ туманида яшовчи шахс фарғоналик икки фуқарога Наманган вилоятида фаолият юритаётган туристик фирма орқали зиёратни ташкил қилишни ваъда қилган. Хизмат эвазига у 2,1 минг доллар талаб қилган, бироқ 1 минг доллар миқдоридаги бўнакни олаётган вақтда ушланган.
Ушбу шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда умра сафарларини ташкил этиш учун махсус лицензия талаб этилади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 12 октябрдаги 668-сонли қарорида назарда тутилган. Қоидалар зиёратчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг хавфсизлигини таъминлашга қаратилган, бироқ фуқаролар ҳали ҳам уларнинг зиёрат қилиш истагидан фойдаланадиган фирибгарларга дуч келмоқдалар.
Аввалроқ шу каби ҳолатлар Тошкент ва Фарғона вилоятларида аниқланган эди. Ташкилотчилар тегишли лицензия ва рухсатномаларга эга бўлмай туриб, фуқароларга умрага юборишни таклиф қилишган.

