Ўзбекистонда уй-жой ижараси нархларининг ўсиши тезлашди — Марказий банк
Иккинчи чоракда Ўзбекистонда ижара ҳақининг йиллик ўсиш суръатлари тезлашди. Марказий банк маълумотларига кўра, июнь ойида квартиралар ижараси доллар эквивалентида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 13 фоизга қимматлашган. Тошкентда ўртача таклиф нархи ойига 1 кв. м учун 9,5 долларни ташкил этди.

Ўзбекистонда уй-жой ижараси нархлари ўсиши тезлашди — Марказий банк
Жорий йилнинг иккинчи чорагида Ўзбекистонда квартиралар ижараси тезроқ қимматлаша бошлади. Бу ҳақда Марказий банкнинг кўчмас мулк бозори шарҳида сўз боради.
Регулятор баҳолашига кўра, бундай динамика апрель-июнь ойлари давомида мамлакат бўйлаб кузатилган.
Июнь ойида кўп квартирали уйлардаги квартираларни ижарага бериш қиймати, агар сўмда ҳисобланса, 2025 йилнинг шу ойидагига нисбатан ўртача 7,1% га юқори бўлди. Доллар эквивалентида эса ўсиш деярли икки баравар кўп — йиллик ҳисобда 13% ни ташкил этди.
Шу билан бирга, индекс фақат кўп квартирали уйлардаги квартиралар ижарасини ҳисобга олади. Якка тартибдаги уй-жойлар ҳисоб-китобларга киритилмаган.
Тошкентда июнь ойида ижара таклифининг ўртача нархи бир квадрат метр учун ойига 9,5 долларни ташкил этди. Сўмда бу 1 кв. м учун тахминан 114 минг сўм демакдир. Агар квадрат метрнинг ўртача қиймати 50 кв. м майдонга эга квартирага кўпайтирилса, таклиф нархи ойига тахминан 475 долларни ташкил қилади.
Ўтган йилнинг июнь ойига нисбатан пойтахтда ижара нархи сўмда 5,8% га, доллар эквивалентида эса 11,6% га қимматлашган.
Иккинчи чоракда бозордаги таклифлар сони ҳам ўзгарди. МБ маълумотларига кўра, очиқ интернет майдончаларида ижарага бериш тўғрисидаги эълонлар сони чорак давомида биринчи чоракка нисбатан 4,9% га ошган.
Шу билан бирга, чорак ичида динамика бир хил бўлмаган. Апрель-май ойларида таклиф қисқарган бўлса, июнь ойида эълонлар сони яна кўпайиб, ушбу пасайишни қисман қоплаган.
Тошкентда уй-жой ижарасига бўлган юқори талаб омиллари қаторида регулятор бир нечта жараёнларни ажратиб кўрсатади. Хусусан, гап хизмат кўрсатиш соҳаси ва ишбилармонлик фаоллигининг кенгайиши, ички миграция ва вақтинчалик яшашга бўлган эҳтиёжнинг сақланиб қолаётгани ҳақида бормоқда.
Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти таҳлилидан келиб чиқилишича, май ойида Тошкентда уй-жой ижарасининг медиана нархи 550 долларни ташкил этди — бу апрель ойига нисбатан ўзгаришсиз қолган, аммо бир йил олдингига қараганда 10% га юқори. Энг кўп эълонлар Мирзо Улуғбек, Миробод ва Юнусобод туманларига тўғри келган бўлса, энг юқори нархлар Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида қайд этилган.
Бозорнинг асосий сегменти икки хонали квартиралар бўлиб қолмоқда — улар таклифларнинг 59,6% ини ташкил этган; бир хонали квартираларнинг медиана ижараси 400 долларни, икки хоналилариники — 500 долларни, уч хоналилариники — 700 долларни, тўрт ва ундан ортиқ хонали квартираларники эса — 800 долларни ташкил этган.

