Ўзбекистонда умра сафарларини ноқонуний ташкил этишнинг иккита ҳолати аниқланди

Ўзбекистонда умра сафарларини ноқонуний ташкил этиш билан боғлиқ иккита ҳолат аниқланди
Тошкент ва Фарғона вилоятлари ҳуқуқ-тартибот идоралари Саудия Арабистонига ноқонуний сафарларни расмийлаштириш билан боғлиқ янги ҳолатларни аниқлади. Ташкилотчилар зарур лицензия ва рухсатномаларга эга бўлмай туриб, фуқароларга умра зиёратига боришни таклиф қилган.
Хусусан, Тошкент туманида 42 ёшли эркак пойтахтлик фуқарога танишлари орқали 1,1 минг доллар эвазига зиёрат ташкил этиб беришни ваъда қилган. Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ), Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва ИИВ ходимлари уни 1 минг доллар ва 1,2 миллион сўмни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олди.
Иккинчи ҳолат Фарғона вилоятининг Данғара туманида қайд этилди. Маҳаллий туристик фирма менежери 2,2 минг доллар олаётган вақтида ушланди. У ушбу пуллар эвазига Учкўприк туманида яшовчи икки фуқарони умра зиёратига юборишни ваъда қилган.
Ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Саудия Арабистони расмийлари умра зиёратини амалга оширувчи зиёратчилар учун мамлакатга кириш қоидаларини ўзгартирган эди. Эндиликда чет элликлар янги умра визаси билан йил давомида бир неча бор қиролликка ташриф буюришлари мумкин.
Ҳар бир сафардан олдин зиёратчилар Nusuk платформаси орқали умра зиёратини амалга ошириш учун рухсатнома расмийлаштиришлари лозим. Шунингдек, ушбу платформада меҳмонхона, транспорт ва сафар билан боғлиқ бошқа хизматларни олдиндан танлаш талаб этилади.

