Тошкент ва Фарғонада умрага юборишини айтиб, фирибгарлик қилганлар ушланди

Тошкент ва Фарғонада умра зиёратини ташкил этишни ваъда қилиб, фуқароларни алдаган икки шахс қўлга олинди. Бу шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилгани ҳақида Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) хабар берди.
Тошкент шаҳрида 1981-йилда туғилган бир шахс, тегишли лицензияга эга бўлмаган ҳолда, ўзини умра зиёратини ташкил этишга рухсат берилган сайёҳлик фирмаси вакили сифатида таништирган. У уч нафар фуқарони Саудия Арабистонига юбориш ва уларнинг муқаддас амалларни тўлиқ бажаришини таъминлаш эвазига жами 3450 доллар талаб қилган. ДХХ, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Ички ишлар органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, мазкур шахс 3400 доллар ва 600 минг сўм олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Фарғона шаҳрида эса 1998-йилда туғилган бошқа бир шахс ўз танишлари орқали тўрт нафар фуқарони умра зиёратига юборишни ваъда қилиб, жами 4200 доллар талаб қилган. У сўралган пул маблағини олаётган вақтида ДХХ ва ИИБ ходимлари томонидан унинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилган.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Дин ишлари бўйича қўмита маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 2025-йилда умра зиёратини ноқонуний амалга ошириш билан боғлиқ 178 та жиноят иши қўзғатилган. Шунингдек, лицензиясиз фаолият юритган 47 та ва реклама қонунчилигини бузган 15 та сайёҳлик ташкилотига жарималар қўлланилган.
Ҳукумат қарорига биноан, 2026-йил 1-майдан бошлаб умра тадбирлари порталда мажбурий рўйхатдан ўтказиш орқали амалга оширилади. Зиёратчилар ҳақидаги маълумотлар порталга киритилмасдан туриб сафарларни ташкил этишга рухсат берилмайди.

