Ўзбекистонда шифокорларни тайёрлаш тизими ўзгартирилади
2027/2028 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон тиббиёт олийгоҳларидаги «Даволаш иши» йўналишини олти йиллик «Умумий тиббиёт» дастурига ўзгартириш таклиф этилмоқда. Бешинчи йил якуний академик босқич бўлади, олтинчи йил эса тўлиқ амалиётга бағишланади. Битирувчилар оилавий шифокор бўлиб ишлашлари мумкин бўлади.

Ўзбекистонда шифокорларни тайёрлаш тизими ўзгартирилади
4 сентябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев тиббиёт ва фармацевтика кадрларини тайёрлашни ислоҳ қилиш бўйича таклифлар билан танишди.
2027/2028 ўқув йилидан бошлаб «Даволаш иши» йўналишини олти йиллик «Умумий тиббиёт» бакалавриат дастурига ўзгартириш таклиф этилмоқда. Беш йиллик ўқишдан сўнг талабалар тўлиқ бир йил амалий тайёргарликдан ўтадилар, битирувчилар эса оилавий шифокор бўлиб ишлашлари мумкин бўлади.
Тиббиёт олий ўқув юртларига қабул квоталарини ҳудудлар ва тиббиёт муассасаларининг эҳтиёжлари, шунингдек, мутахассислар танқислигини ҳисобга олган ҳолда белгилаш режалаштирилмоқда. Тиббиёт йўналишлари бўйича давлат буюртмасини Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасдиқлайди.
Шифокорларни тайёрлашни асосан назарий таълимдан амалий кўникмалар ва касбий компетенцияларни ривожлантиришга йўналтириш кўзда тутилган. Таклифлар Кембриж, Пенсильвания ва Гарвард университетлари тавсиялари асосида, хорижий ва маҳаллий мутахассислар иштирокида тайёрланган.
Тошкент давлат тиббиёт университети ректори Шуҳрат Боймуродовнинг маълум қилишича, таълимнинг тахминан 70 фоизини амалиётга ва касбий компетенцияларни баҳолашга йўналтириш режалаштирилмоқда.
«Тиббий таълимда мазмун жиҳатидан ўзгаришлар юз беради. […] „Даволаш иши“ йўналиши негизида „Умумий тиббиёт“ йўналиши жорий этилмоқда. Талабаларни тайёрлаш Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Бутунжаҳон тиббий таълим федерацияси талабларига мувофиқлаштирилади», — деди у.
Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Адҳам Худайқулов ўзгаришлар тиббиёт ходимларини тайёрлашнинг бутун йўлини — мактабдаги касбга йўналтиришдан тортиб резидентурагача қамраб олиши кераклигини таъкидлади.
Тиббиёт коллежларида дастурларни, моддий-техника базасини ва амалиётни ташкил этишни янгилаш режалаштирилмоқда. Мактабларда тиббиёт ихтисосликларига қизиқувчи ўқувчиларни касбга йўналтиришни кучайтириш кўзда тутилган.
Тор соҳа мутахассисларини тайёрлашни босқичма-босқич резидентура тизимида жамлаш, магистратурани эса асосан илмий-педагогик кадрлар тайёрлашга қайта йўналтириш режалаштирилмоқда.
Адҳам Худайқуловнинг сўзларига кўра, резидентурада ўқиш ихтисосликка қараб икки йилдан беш йилгача давом этиши мумкин.
«Яна бир янгилик — резидентура тўлиқ давлат гранти ҳисобидан молиялаштирилади. […] Эндиликда мутахассислар бир вақтнинг ўзида ишлашлари, муносиб иш ҳақи олишлари, ўқишга кўпроқ эътибор қаратишлари ва малакали шифокор бўлиб етишишлари учун резидентурани тўлиқ давлат грантига ўтказиш режалаштирилмоқда», — деди вазир ўринбосари.
Ўзгаришлар ўрта тиббиёт ходимларига ҳам дахлдор бўлади. Олий маълумотли ҳамшираларнинг ролини кенгайтириш кўзда тутилган: улар шифокорларга касалликларни ташхислаш, даволаш ва профилактика қилишда фаолроқ ёрдам беришлари тахмин қилинмоқда.
Фармацевтика таълимини ишлаб чиқариш билан янада узвий боғлаш режалаштирилмоқда. Бунинг учун дуал таълимни кенгайтириш, амалий машғулотлар улушини ошириш ва талабаларни дори воситаларини ишлаб чиқишдан тортиб сифат назорати ва стандартлаштиришгача бўлган ишлаб чиқариш жараёнларига жалб этиш кўзда тутилган.
Алоҳида тартибда малака ошириш тизимини ўзгартириш таклиф этилмоқда. Олий маълумотли тиббиёт ва фармацевтика ходимлари ҳар йили камида 50 кредит, ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари эса 28 кредит тўплашлари керак бўлади.
ТДТУ болалар кардиохирурги Бобур Тўраев бундай тизимнинг зарурлигини тиббий билим ва технологияларнинг тез янгиланиб бориши билан изоҳлади.
«Тиббиёт — бу доимий равишда ўзгариб турадиган соҳа. Йилдан-йилга амалиётга янги даволаш ва ташхислаш усуллари кириб келмоқда, мутахассис диплом олаётганда ўрганган тиббиёт эса бир неча йил ичида ўзгариб кетиши мумкин», — деди у.
Кредитларни нафақат малака ошириш курсларида, балки конференцияларда иштирок этиш, онлайн таълим олиш ва бевосита иш жойида малака ошириш орқали ҳам олиш мумкин бўлади.
Ушбу тизимни мувофиқлаштириш учун Узлуксиз касбий ривожланиш марказини ташкил этиш таклиф қилинмоқда.

