Ўзбекистонда саноат хавфсизлиги талабларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш таклиф этилди

Ўзбекистонда хавфли ишлаб чиқариш объектларида саноат хавфсизлиги талаблари бузилиши, агар бу инсонлар ҳаёти ва соғлиғига зарар етказса, бунинг учун жазони кучайтириш таклиф этилди.
Тегишли қонун лойиҳасини Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари биринчи ўқишда қабул қилишди.
Тузaтишларда Жиноят кодексига ўзгартишлар киритиш, шунингдек, саноат хавфсизлиги талабларига риоя қилмаган, хавфли объектларда давлат назоратини таъминламаган ёки аварияларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этишга тайёргарлик кўриш чораларини бажармаган мансабдор шахсларга маъмурий жарималар жорий этиш назарда тутилган.
Такрорий ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтириш таклиф қилинмоқда. Бундан ташқари, қонун лойиҳасида ваколатли органларнинг ваколатларини аниқлаштириш ва уларнинг ҳуқуқий мақомини такомиллаштириш кўзда тутилган.
Таклиф этилаётган ўзгаришлар саноат хавфсизлигини назорат қилиш самарадорлигини ошириш ҳамда авариялар ва нохуш ҳодисалар хавфини камайтириш имконини бериши кутилмоқда.
Аввалроқ Ўзбекистон Сенати сувни давлат ҳисобига олиш ва сув хўжалиги объектларидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтирувчи қонунни маъқуллаган эди. Ҳужжатда, шунингдек, махсус ахборот тизими орқали электрон шаклда сувдан фойдаланиш шартномаларини автоматик рўйхатдан ўтказиш кўзда тутилган.

