Ўзбекистонда Россияга ишга кетаётганлар учун комплекс марказ ташкил этиш режалаштирилмоқда

Ўзбекистонда Россияга ишга кетаётган фуқаролар учун комплекс марказ ташкил этиш режалаштирилмоқда
Ўзбекистон ва Россия Россияга ишга кетаётган фуқароларни ташкилий тарзда ишга қабул қилиш механизмларини такомиллаштириш, шунингдек, жўнаб кетишдан олдинги асосий процедураларни бевосита республика ҳудудида ташкил этиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Ушбу мавзулар Миграция агентлиги директори Муҳсинхўжа Абдураҳмоновнинг Россиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Олег Ерхов билан учрашувида кўриб чиқилди.
Музокаралар давомида «барча жараёнлар бир жойда» тамойили асосида комплекс марказ ташкил этиш таклиф қилинди. Бундай марказ негизида жўнаб кетишдан олдинги тест синовлари, тиббий кўрик, биометрия, дактилоскопия ва ҳужжатларни текширишни амалга ошириш режалаштирилган.
Фуқароларнинг рус тилидан имтиҳон топшириш учун Тошкентга бориши билан боғлиқ вақт ва молиявий харажатларини қисқартириш мақсадида ушбу процедураларни ҳудудларда ташкил этиш масаласи кўтарилди. Бу мақсадлар учун республиканинг 4 та ҳудудида зарур инфратузилма аллақачон тайёрлаб қўйилган.
Таклиф этилаётган механизмнинг асосий мақсади — меҳнат мигрантлари ҳали жўнаб кетмасдан олдин иш жойи, корхона ва меҳнат шароитларини аниқ билишлари, зарур ҳужжатларни олдиндан расмийлаштиришлари ва Россияга аниқ иш берувчининг сўровига биноан қонуний йўл билан боришларини таъминлашдан иборат.

