Ўзбекистонда пропан нархи 60 фоиздан кўпроққа ошди

Ўзбекистонда пропан нархи 60 фоиздан кўпроққа ошди
Ўзбекистонда суюлтирилган газ (пропан)нинг биржа қиймати бир кунда 60,6 фоизга кўтарилиб, бир тонна учун 11,9 миллион сўмга етди. Савдо сессияси давомида бир тоннанинг нархи тахминан 4,5 миллион сўмга ошди.
Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси маълумотларига кўра, 17 сентябрь куни пропаннинг ўртача нархи бир тонна учун 11 миллион 904,9 минг сўмни ташкил этди. Шу куни савдолар ҳажми 914 тоннага етди.
Нархларнинг ошиши суюлтирилган газ бозори фаолияти қоидалари ўзгариши фонида юз берди. Президентнинг 12 сентябрдаги қарори билан Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган ва импорт қилинадиган суюлтирилган газ, ўз шохобчаларида сотиладиган ҳажмлардан ташқари, биржа савдолари орқали сотилиши белгиланди. Шу билан бирга, биржа нархининг товарни савдога қўйиш нархига нисбатан ўсишининг илгари амалда бўлган чегараси бекор қилинди.
Ҳужжатда, шунингдек, аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш соҳасига бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этиш ва LPG-Trade компаниясини ташкил этиш кўзда тутилган. Бунда аҳолига газ етказиб бериш устуворлиги сақланиб қолиши керак.
Бундан ташқари, март ойида Рақобатни ривожлантириш қўмитаси пропаннинг йирик импортчиларига нисбатан текширув ўтказган эди. Текширув якунларига кўра, 31 та тадбиркорлик субъекти нархларни асоссиз равишда ошириш ва рақобатга зид ҳаракатларда айбдор деб топилиб, жарималарнинг умумий суммаси 28,9 миллиард сўмни ташкил этган эди.

