Ўзбекистонда Покистон иштирокида исломий банк ташкил этилиши мумкин
Покистоннинг Нишат Гроуп бизнес гуруҳи Ўзбекистонда исломий банк ташкил этиш ва меҳмонхона соҳасида инвестиция лойиҳасини амалга ошириш имкониятларига қизиқиш билдирди. Музокаралар якунида компания раҳбарияти ва мутахассисларидан иборат делегациянинг Ўзбекистонга сафарини ташкил этишга келишиб олинди.

Ўзбекистонда Покистон иштирокида исломий банк очилиши мумкин
«Дунё» ахборот агентлиги маълумотига кўра, бу масалалар Ўзбекистоннинг Покистондаги элчиси Алишер Тўхтаев билан Нишат Гроуп бош директори Муҳаммад Манша ўртасидаги видеоконференсияда муҳокама қилинган.
Мулоқот чоғида меҳмонхона бизнеси, тўқимачилик саноати, озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда ислом молияси йўналишларида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилган.
Муҳаммад Манша компаниянинг Лаҳор ва Лондонда меҳмонхоналари мавжудлигини, 2026-йил ноябрида эса Исломободда янги меҳмонхона ишга туширилишини айтган. У Ўзбекистонда туризм ривожланаётгани ва меҳмонхоналарга талаб юқорилигини ҳисобга олиб, бу соҳада инвестиция лойиҳасини амалга ошириш компания учун фойдали бўлишини билдирган.
Нишат Гроуп вакиллари Ўзбекистонда исломий банк ташкил этиш имкониятларини ўрганишга ҳам қизиқиш билдирган. Компания Покистонда исломий банкинг бўйича катта амалий тажрибага эга экани қайд этилган.
Шу билан бирга, Ўзбекистондаги қонунчилик ва лицензиялаш талаблари асосида алоҳида исломий банк очиш ёки маҳаллий ҳамкорлар билан қўшма банк лойиҳасини йўлга қўйиш вариантлари кўриб чиқилиши маълум қилинган.
Музокаралар якунида компания раҳбарияти ва мутахассисларининг Ўзбекистонга сафарини ташкил этишга келишиб олинган.
Нишат Гроуп Покистоннинг энг йирик бизнес гуруҳларидан бири бўлиб, тўқимачилик, банк-молия хизматлари, қурилиш материаллари, суғурта, энергетика, меҳмонхона бизнеси, кўчмас мулк, қишлоқ хўжалиги, автомобилсозлик ва авиация соҳаларида фаолият юритади.
Гуруҳ таркибига Нишат Миллс Лимитед, МСБ Банк Лимитед, МСБ Исламис Банк Лимитед, Д.Г. Кҳан Семент Сомпанй Лимитед, Адамжее Инсурансе, Нишат Повер Лимитед, Нишат Ҳотелс анд Пропертиес, Нишат Даирй ҳамда Ҳюндаи Нишат Мотор каби компаниялар киради.

