Ўзбекистонда пенсия тизимини демографик ўзгаришларга мослаштириш режалаштирилмоқда

Ўзбекистонда пенсия тизимини демографик ўзгаришларга мослаштириш режалаштирилмоқда
Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки ва Халқаро меҳнат ташкилоти вакиллари билан учрашув ўтказди.
Музокараларда ХМТ Ижтимоий ҳимоя департаментининг актуар хизматлар бўлими раҳбари Андре Пикард, ХВЖ Бюджет масалалари департаментининг катта иқтисодчиси Чаба Фехер ва Жаҳон банкининг ижтимоий ҳимоя бўйича катта мутахассиси Химанши Жейн иштирок этди. Томонлар халқаро тажриба ва мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда республика пенсия тизимини такомиллаштиришнинг асосий йўналишларини муҳокама қилдилар.
Пенсия тизимининг узоқ муддатли барқарорлигини таъминлаш, пенсия ҳуқуқларини шакллантириш механизмларини яхшилаш, аҳоли қамровини кенгайтириш, жамғариб бориладиган таркибий қисмни ривожлантириш ва тизимни демографик ўзгаришларга мослаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, пенсия тизими архитектурасини ривожлантириш ёндашувлари, жумладан, унинг таркибий қисмларини уйғунлаштириш, пенсия активлари ва жамғармаларини бошқариш, шунингдек, индивидуал пенсия ҳисобварақларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Учрашув якунида томонлар пенсия ислоҳотини амалга ошириш бўйича экспертлик ҳамкорлигини давом эттириш муҳимлигини тасдиқладилар.

