Ўзбекистонда «Пенсия» иловаси ишга туширилади
Янги илова орқали фуқаролар пенсияга оид давлат хизматларидан онлайн фойдаланиши, иш стажи ва даромадларини текшириши, келажакдаги пенсия миқдорини ҳисоблаши ва пенсия жамғармаларини бошқариши мумкин бўлади.

Ўзбекистонда «Пенсия» иловаси ишга туширилади
Ўзбекистонда «Пенсия» иловаси ишга туширилиши режалаштирилган. Бу ҳақда Пенсия жамғармаси директори Муродбек Отажонов 25-сентабр куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.
«Янги «Пенсия» мобил иловасини яратиш устида ишлаяпмиз. Иловани октабр ойида эълон қиламиз. Лойиҳа жамғарманинг ИТ билан боғлиқ энг асосий йўналиши ҳисобланади. Фуқаролар ўзи учун иш берувчи қанча ижтимоий солиқ тўлаганини билмайди. Пенсия миқдори ҳам қанча бўлиши ҳақида олдиндан хабардор эмас. «Пенсия» иловамиз мана шу саволларга жавоб беради. Пенсиянинг жамғариб бориладиган қисмидан йиғиладиган маблағларни инвестиция қилиш имкониятлари ҳам яратилади», деган Муродбек Отажонов.
Аввалроқ, амалдаги пенсия тизимини ўзгартиришни назарда тутувчи қарор лойиҳаси муҳокамага қўйилгани хабар қилинганди.
Қарор лойиҳасида «Пенсия» мобил иловасини яратиш ҳам кўзда тутилганди. У орқали фуқаролар пенсияга оид давлат хизматларидан онлайн фойдаланиши, иш стажи ва даромадларини текшириши, келажакдаги пенсия миқдорини ҳисоблаши ҳамда пенсия жамғармаларини бошқариши мумкин бўлади. Иловани 2027-йил апрел ойида ишга тушириш режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, ушбу лойиҳа билан 2028-йилдан пенсия ёшини ҳар йили 3 ойга ошириш таклиф этиляпти. 2039-йилга келиб, у эркаклар учун 63, аёллар учун 58 ёшга етказилади. Шунингдек, пенсия тайинлаш учун энг кам иш стажи 2034-йилда 15 йилгача оширилиши кўзда тутилган.

