Ўзбекистонда олий таълим муассасалари битирувчиларини уларнинг меҳнат бозоридаги харидоргирлиги бўйича баҳолаш тартиби тасдиқланди
Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги битирувчи сифати индексини ҳисоблаш методикасини тасдиқлади. Ҳужжат Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтди ва Lex.uz сайтида эълон қилинди.

Ўзбекистонда олий таълим муассасалари битирувчиларининг меҳнат бозорида харидоргирлигини баҳолаш тартиби тасдиқланди
Маълумотлардан келиб чиқишича, ушбу индекс Ўзбекистон олий таълим муассасаларидаги таълим сифатини ҳамда уларнинг битирувчилари меҳнат бозорида қанчалик харидоргир эканини баҳолашда қўлланилади. Ҳисоб-китобларни ҳар йили ҳисобот йилининг 1 июлидан кейинги йилнинг 30 июнигача бўлган давр учун ўтказиш назарда тутилмоқда.
Методика тўртта асосий кўрсаткичга асосланган: ишга жойлашиш тезлиги, бандлик барқарорлиги, ўртача ойлик даромад ва бандлик категорияси.
Ишга жойлашиш тезлиги ўқишни тугатгандан сўнг бир йил давомида иш топган битирувчиларнинг умумий битирувчилар сонидаги ўртача вазнли улуши сифатида аниқланади. Битирувчи қанчалик эрта ишга жойлашган бўлса, коэффициент шунчалик юқори бўлади: биринчи ойда — 4, уч ой давомида — 3, ярим йил давомида — 2.
Бандлик барқарорлиги ҳисобот йилида камида оти ой узлуксиз ишлаган битирувчилар бўйича баҳоланади. Уларнинг барча ишга жойлашган битирувчилар орасидаги улуши ҳисобга олинади. Бунда баҳолаш мақсадлари учун 10 иш кунигача бўлган ишдаги танаффуслар стаж узлуксизлигининг бузилиши ҳисобланмайди.
Битирувчиларнинг ўртача ойлик даромади ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар асосида баҳоланади. ОТМ бўйича олинган ўртача кўрсаткич ушбу кўрсаткич энг юқори бўлган ОТМ натижаси билан солиштирилади.
Бандлик категорияси ҳам иш ўрни тури бўйича тортилган баҳолаш орқали ҳисобга олинади:
юридик шахс бўлган компанияларда ишлаётган, ўз юридик шахсини ташкил этган, таълим тизимида банд бўлган, хорижга 90 кундан ортиқ муддатга чиқиб кетган ёки Ижтимоий реестрга киритилган битирувчилар 2 коэффициентини олади;
якка тартибдаги тадбиркорлар — 1,5 коэффициентини;
қолган битирувчилар — ўзини ўзи банд қилганлар, фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар бўйича ишлаётганлар, деҳқон хўжаликлари ва оилавий корхоналарда банд бўлганлар, шунингдек, икки ёшгача бўлган болаларни парваришлаётганлар — коэффициентсиз ҳисобга олинади.

