Ўзбекистонда ўлатга қарши тайёргарлик чоралари кучайтирилди
Россияда ўлатга қарши илмий-тадқиқот институти ходимасининг пневмониядан вафот этиши ўлат ҳақидаги миш-мишларни келтириб чиқарди. Ўзбекистон санитария-эпидемиология хизмати Иркуцкдаги вазиятни кузатиб бораётгани ва эҳтимолий хавфни инобатга олиб, тайёргарлик чораларини кучайтирганини маълум қилди. Шу билан бирга, Санепид аҳолини тасдиқланмаган хабарлар юзасидан ваҳимага тушмасликка чақирмоқда.

**Ўзбекистонда ўлатга қарши тайёргарлик чоралари кучайтирилди**
Россиянинг Иркуцк вилоятидаги Шелехов шаҳрида яшаган, Иркуцкдаги ўлатга қарши илмий-тадқиқот институти ходимаси бўлган 28 ёшли Даря Шипилова 29-сентабр куни оғир пневмония билан шифохонага ётқизилган ва 1–2-октабр оралиғида вафот этган. Ижтимоий тармоқларда унинг лабораторияда ўлат қўзғатувчиси билан ишлаш чоғида пробиркани синдириб юборгани ҳақидаги версия тарқалди. Бироқ бу маълумот расман тасдиқланмаган.
Марҳума билан алоқада бўлган фуқароларнинг карантинга олингани ҳақидаги хабарлар Иркуцкда ўлат тарқалаётгани борасидаги хавотирларни янада кучайтирди. Ушбу хабарлар Ўзбекистонда ҳам муҳокамаларга сабаб бўлди.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раиси ўринбосари Ботир Қурбонов вазиятга изоҳ бериб, тегишли эҳтиёт чоралари кучайтирилганини билдирди.
“Ўлат касаллиги ўта хавфли юқумли касаллик бўлиб, турли йўллар билан юқиши мумкин. Ҳозир эътиборимиздаги ҳолат – ўпка шакли. Бу одамдан одамга юқиши мумкин. Яъни одам нафас чиқарганда ҳаво орқали касаллик юқиши мумкин”, – деди у.
Қурбоновнинг айтишича, Иркуцкда вафот этган бемор даволанган стационар шифохона карантинга олинган, у ерда марҳума билан алоқада бўлган 200 нафарга яқин шахс кузатув остида бўлган. Ўзбекистон санитария-эпидемиология хизмати ҳам вазиятга доир хабарларни кузатиб бормоқда.
“Ҳозир биз улар билан боғлиқ хабарларни кузатиб боряпмиз. Бирортасида иситма, пневмонияга ўхшаш йўтал ёки нафас йўллари билан боғлиқ турли шикоятлар бўйича мурожаатлар бўлмаган”, – деди Қурбонов.
**Ўлат ташхиси тасдиқланмаган**
Роспотребнадзор маълумотига кўра, марҳуманинг биологик намуналарида унинг касбий фаолияти билан боғлиқ микроорганизмлар аниқланмаган. Унга номаълум этиологияли пневмония ташхиси қўйилган.
Шу тариқа, ўлат юққани ёки лабораторияда авария содир бўлгани ҳақидаги версиялар расман тасдиқланмаган. Ҳодиса юзасидан Россиянинг тегишли идоралари текширув олиб бораётгани хабар қилинган.

