Ўзбекистонда фуқароларни умра зиёратига ноқонуний юборишнинг бир нечта ҳолати аниқланди

Ўзбекистонда фуқароларни умра зиёратига ноқонуний юбориш бўйича бир нечта ҳолат аниқланди
Мамлакатнинг бир қатор ҳудудларида тегишли лицензияга эга бўлмай туриб, умра амалини бажариш учун Саудия Арабистонига сафарларни ташкил этишни таклиф қилган фуқаролар ва туристик фирмалар вакиллари аниқланди.
ДХХ хабарига кўра, бир йўла бир нечта шундай ҳолат 2200 доллар миқдоридаги маблағ билан боғлиқ бўлган. Хусусан, Қўқон шаҳрида туристик фирма раҳбари икки нафар фуқаронинг умра зиёратига бориши учун ушбу суммани талаб қилган. Наманган вилоятининг Чортоқ туманида ҳам турфирма ходими икки кишининг сафари учун 2200 доллар сўраб, олдиндан тўлов сифатида 400 доллар олаётган вақтида ушланган. Шу каби яна бир ҳолат Фарғона вилоятининг Данғара туманида аниқланиб, унда турфирма менежери Учкўприк туманида яшовчи икки фуқаро учун 2200 доллар олган. Уларнинг уччаласи ҳам ДХХ ва ички ишлар органлари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида қўлга олинган.
Тошкент вилоятининг Тошкент туманида тегишли лицензияга эга бўлмаган шахс пойтахтлик фуқаронинг ишончига кириб, танишлари орқали уни 1100 доллар эвазига умра зиёратига юборишни ваъда қилган. У 1000 доллар ва 1,2 млн сўм олаётган вақтида ушланган.
Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманида авиакасса раҳбари умра сафарларини ташкил этиш ҳуқуқига эга бўлмаса-да, маҳаллий фуқарога уни 1150 доллар эвазига Саудия Арабистонига юборишни таклиф қилган. У ҳам кўрсатилган суммани олаётган вақтида қўлга олинган.
Яна бир ҳолат Сирдарё вилоятида юз берган. Гулистон туманида яшовчи шахс уч нафар фуқарога Тошкентдаги тегишли ваколатга эга турфирма орқали сафар ташкил этишни таклиф қилган. Бунинг эвазига у жами 3150 доллар талаб қилган. Эркак олдиндан тўлов сифатида 3,5 млн сўм олаётган вақтида ушланган.
Барча ҳолатлар бўйича жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистонда умра сафарларини ташкил этиш билан фақат тегишли лицензияга эга бўлган компаниялар шуғулланиш ҳуқуқига эга. Расмий рўйхатда ҳозирда шундай 14 та ташкилот кўрсатилган.

