Ўзбекистонда фуқаро авиацияси учун янгиланган қоидалар жорий этилди

Ўзбекистонда фуқаро авиацияси учун янгиланган қоидалар тасдиқланди
«Ўзавиация» агентлиги Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ICAO) талабларига тўлиқ асосланган янгиланган авиация қоидаларини қабул қилди. Ушбу ҳужжатлар ҳаво ҳаракатига хизмат кўрсатиш, аэронавигация хариталари ва аэронавигация ахбороти хизматлари фаолиятига тааллуқлидир.
Янги ҳужжатлар Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилган бўлиб, Халқаро фуқаро авиацияси тўғрисидаги конвенциянинг 11-иловаси «Ҳаво ҳаракатига хизмат кўрсатиш» қоидаларига мувофиқ тайёрланган.
Бундан ташқари, Агентлик директори аэронавигация хариталари ва аэронавигация ахбороти хизматлари бўйича норматив-техник ҳужжатларни тасдиқлади.
Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ICAO) — БМТнинг ихтисослашган муассасаси бўлиб, фуқаро авиацияси соҳасидаги халқаро ҳамкорликни мувофиқлаштиради. Унинг асосий вазифаси бутун дунёда халқаро авиациянинг хавфсиз ва тартибли ривожланишини таъминлашдан иборат.
ICAO парвозлар хавфсизлиги, ҳаво ҳаракатига хизмат кўрсатиш, аэронавигация, аэропортлар фаолияти ва авиациянинг бошқа техник жиҳатларига қўйиладиган талабларни белгиловчи халқаро стандартлар ва тавсия этиладиган амалиётни ишлаб чиқади. Давлатлар улар асосида ўзларининг авиация қоидаларини шакллантиради ва янгилайди.
Ташкилот фаолияти авиация тизимининг алоҳида элементларига ҳам дахлдордир. Хусусан, ICAO аэропортларга парвозлар режаларида, аэронавигация ва метеорология маълумотларида, шунингдек, авиация хариталарида фойдаланиладиган тўрт ҳарфли кодларни бириктиради. Ташкилот, шунингдек, ҳаво ҳудудини ташкил этиш ва турли мамлакатлар авиация хизматларининг ўзаро ҳамкорлигига ягона ёндашувларни ишлаб чиқишда иштирок этади.
Шу тариқа, ICAO стандартлари турли давлатларнинг авиация тизимларига бир-бирига мос келадиган қоидалар асосида ишлаш имконини беради. Бу, айниқса, ҳаво кемалари бир нечта мамлакатларнинг ҳаво ҳудудини кесиб ўтадиган халқаро парвозлар учун жуда муҳимдир.
, Ўзбекистон аэродромларни калибрлаш бўйича ихтисослаштирилган хизматни йўлга қўймоқда — алоҳида авиация тузилмаси ҳар бир қўнишнинг аниқлиги учун жавобгар бўлади.

