Маҳаллий

Ҳаво ҳаракатига хизмат кўрсатиш қоидалари янгиланди

Ўзбекистонда ҳаво ҳаракатига хизмат кўрсатиш соҳасини халқаро талаблар асосида тартибга солувчи янги авиация қоидалари тасдиқланди. Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги директорининг буйруғи расмий рўйхатдан ўтказилди ва расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

Ҳаво ҳаракатига хизмат кўрсатиш тартибини белгиловчи янги қоидалар тасдиқланди. Ушбу ҳужжат Ўзбекистон ҳаво ҳудудида ҳаво ҳаракатини бошқариш, парвозлар хавфсизлигини таъминлаш, диспетчерлик хизматлари, парвозлар ҳақида маълумот бериш, фавқулодда вазиятлар ҳақида хабар бериш ва маслаҳат хизматларини кўрсатиш каби муҳим йўналишларни ўз ичига олади.

Қоидаларда ҳаво ҳаракатига хизмат кўрсатиш тизимида қўлланиладиган асосий атамалар, ҳаво ҳудудини ташкил этиш тамойиллари, диспетчерлик хизматларининг вазифалари, парвозларни бошқариш жараёнлари, аеродромларнинг фаолияти ва хавфсизлик талаблари батафсил баён этилган.

Шунингдек, ушбу қоидаларда ҳаво ҳаракатига хизмат кўрсатишда халқаро авиация стандартлари ва илғор ёндашувларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилган.

Мазкур буйруқ билан соҳани тартибга солувчи айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўз кучини йўқотган деб топилди.