Ўзбекистонда электр энергияси ва газ учун компенсация олиш даромад чегараси оширилди
Электр энергияси ва газ учун компенсация тайинлашдаги даромад чегараси бир кишига тўғри келадиган минимал истеъмол харажатларининг икки баравари миқдоригача оширилди. Шунингдек, компенсацияларни тўлаш муддати 2028 йил 1 апрелгача, кўмир сотиб олиш учун моддий ёрдам кўрсатиш муддати эса 2029 йил 1 январгача узайтирилди.

Ўзбекистонда электр энергияси ва газ учун компенсация олиш даромад чегараси оширилди
Ўзбекистонда ёқилғи-энергетика соҳасида босқичма-босқич бозор тамойилларига ўтиш доирасида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари кенгайтирилади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги маълум қилди.
Оилаларнинг муҳтожлигини баҳолашда бир кишига тўғри келадиган ўртача ойлик даромаднинг рухсат этилган даражаси оширилади.
Хусусан:
электр энергияси ва табиий газ истеъмоли учун компенсация тайинлашда даромад чегараси минимал истеъмол харажатларининг 1,5 бараваридан 2 бараваригача (1,072 млн сўмдан 1,43 млн сўмгача) оширилди;
кўмир сотиб олиш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун моддий ёрдам кўрсатишда — минимал истеъмол харажатларининг 1 бараваридан 2 бараваригача (715 минг сўмдан 1,43 млн сўмгача);
«Саҳоват ва кўмак» жамғармаси ҳисобидан коммунал харажатларни қоплаш, коммунал тўловлар бўйича қарздорликни узиш, шунингдек, кўмир ёки бошқа турдаги ёқилғи билан таъминлаш харажатларини компенсация қилишда — минимал истеъмол харажатларининг 1 бараваридан 2 бараваригача (715 минг сўмдан 1,43 млн сўмгача).
Бундан ташқари, электр энергияси ва табиий газ истеъмолининг базавий меъёри доирасидаги тарифлар ҳамда базавий меъёрдан ортиқча истеъмол учун белгиланган тарифлар ўртасидаги фарқни компенсация қилиш муддати 2028 йил 1 апрелгача узайтирилди.
Кўмир сотиб олиш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун моддий ёрдам тўлаш муддати ҳам 2029 йил 1 январгача узайтирилди.
Аввалроқ Ўзбекистонда айрим муҳтож оилаларга 1 млн сўмдан тўлаб берилиши ҳақида хабар берилган эди.

