Электр таъминотидаги узилишлар белгиланган вақтда бартараф этилмаса, компенсация тўлаш йўлга қўйилади

Электр таъминотидаги узилишлар белгиланган вақтда бартараф этилмаса, компенсация тўлаш йўлга қўйилади
Ўзбекистонда электр таъминотидаги узилишлар белгиланган муддатларда бартараф этилмагани сабаб истеъмолчиларга компенсация тўлаш механизми жорий этилади. Бу президентнинг 22-сентябрда имзоланган ПФ-202-сон фармонида белгиланган.
Мазкур йўналишда 2026-йил декабрга қадар тегишли ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилади. У манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда Вазирлар Маҳкамасига киритилади. Бу иш учун Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Энергетика вазирлиги ҳамда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси масъул этиб белгиланган.
Табиий газ етиб бориши қийин бўлган ҳудудларни электрлаштириш бўйича чора-тадбирлар ҳам жадаллаштирилади. 2026-йил ноябр ойида бу борада тажрибали консултантларни жалб қилиш мақсадида халқаро молия институтлари билан музокаралар ўтказилади. Декабр ойида халқаро молия институтларининг техник кўмагида консултантлар жалб қилинади. Феврал ойига келиб эса улар билан бирга табиий газ етиб бориши қийин бўлган ҳудудларни электрлаштириш консепсияси ишлаб чиқилади.
Консепсияда қуйидагилар назарда тутилади:
- электрлаштириладиган истеъмолчилар, шунингдек, табиий газ таъминоти мавжуд бўлмаган ва иситиш мақсадида электр энергиясидан фойдаланиб келаётган истеъмолчилар учун электр энергиясининг имтиёзли тарифларини белгилаш;
- электрлаштириш натижасида алмаштириладиган энергия самарадорлиги юқори бўладиган маиший техникаларни сотиб олишда қўллаб-қувватлаш механизмларини жорий этиш.
2027-йил апрел ойида тегишли ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилиб, белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритилади. Бу вазифаларни бажаришга Энергетика вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Энергия самарадорлиги миллий агентлиги масъул этиб белгиланди.
Ўзбекистонда табиий газ етиб бориши қийин бўлган маҳаллалардаги иситиш тизимини электрга ўтказиш режаси 27-июл куни президент раислигидаги видеоселектор йиғилишида маълум қилинганди. Ҳозирда табиий газ етиб бориши қийин бўлган 1 916 та маҳалла борлиги билдирилган, масъулларга эса уч ойда ушбу маҳаллалардаги иситиш тизимини электрга ўтказиш учун қанча инфратузилма ва қўшимча электр энергияси талаб этилишини аниқлаш топширилганди.

