Ўзбекистонда болаларга нисбатан шаҳвоний шилқимлик қилиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш тартибини ўзгартириш хоҳланмоқда
Ўзбекистонда вояга етмаганларга нисбатан шаҳвоний шилқимлик қилиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишнинг алоҳида тартибини жорий этиш истаги билдирилмоқда. Ҳолатни маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида таснифлашдан олдин, материаллар прокурор томонидан ўрганилиши ва ҳаракатларда жиноят аломатлари бор-йўқлиги аниқланиши керак

Ўзбекистонда болаларга нисбатан жинсий тегажоғлик қилиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш тартибини қайта кўриб чиқиш режалаштирилмоқда
Ўзбекистонда вояга етмаганларга нисбатан жинсий тегажоғлик қилиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш тартибини ўзгартириш таклиф этилди. Тегишли қонун лойиҳаси 28 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Адолат» ва «Миллий тикланиш» партиялари фракцияларида муҳокама қилинди.
Ўзгартиришларни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритиш режалаштирилган. «Адолат» фракцияси йиғилишида таъкидланганидек, амалдаги механизм болаларга нисбатан жинсий тегажоғлик ҳолатлари учун алоҳида тартибни назарда тутмайди, шу сабабли бундай ҳаракатларни тўғри малакалаш — маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки жиноят сифатида баҳолаш масаласи ҳамон очиқ қолмоқда.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41−1-моддасига кўра, жинсий тегажоғлик қилиш — шахсга нисбатан унинг учун номақбул бўлган ҳамда унинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлайдиган, шахснинг ташқи кўринишини ёки қоматини тавсифлашда, ишора қилишда, тегинишда, чақиришда ифодаланган, жинсий мойилликни назарда тутувчи бир марталик қўпол ёки бир неча бор содир этилган жинсий хусусиятдаги ҳаракатларни амалга оширишдир.
Бундай ҳуқуқбузарлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 бараваридан 5 бараваригача (880 минг сўмдан 2,2 млн сўмгача) жарима солиш ёки беш суткагача маъмурий қамоққа олиш, бир йил давомида такроран содир этилганда эса — БҲМнинг 5 бараваридан 7 бараваригача (3,08 млн сўмгача) жарима солиш ёки 15 суткагача қамоққа олиш кўзда тутилган.
Ҳозирги вақтда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома бошқа ҳужжатлар ва далиллар билан бирга ҳуқуқбузарлик содир этилган ёки аниқланган пайтдан бошлаб уч суткадан кечиктирмай ишни кўриб чиқишга ваколатли бўлган органга ёки мансабдор шахсга юборилиши керак.
Вояга етмаганларга нисбатан жинсий тегажоғлик ҳолатлари учун алоҳида тартиб жорий этиш таклиф қилинмоқда. Иш маъмурий тартибда кўриб чиқилгунга қадар материалларни прокурор ўрганиб чиқиши лозим.
Агар прокурор ҳаракатларда жиноят аломатлари йўқлиги тўғрисида қарор қабул қилса, баённома, далиллар ва бошқа ҳужжатлар бир кун ичида жиноят ишлари бўйича туман ёки шаҳар судига юборилиши керак.
Материалларга жабрланувчининг аризаси, тиббий ва бошқа экспертизалар хулосалари, жиноят ишини қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги қарор ва содир бўлган воқеа тафсилотларини тасдиқловчи бошқа ҳужжатларни илова қилиш таклиф этилмоқда.
Бундай ёндашув аввалроқ президентнинг 2026 йил 3 мартдаги хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш тўғрисидаги фармони билан мустаҳкамланган эди.
«Адолат» депутати Зиёдбек Юнусов ушбу ўзгартиришлар таркибида жиноят аломатлари бўлган ҳаракатларнинг маъмурий иш доирасида қолиб кетиши ҳолатларининг олдини олиши, шунингдек, бундай материалларни кўриб чиқишнинг аниқ тартибини белгилаши кераклигини таъкидлади.
«Миллий тикланиш» вакили Даврон Арипов вояга етмаганларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича прокуратуранинг қўшимча ҳуқуқий баҳо бериши болаларни зўравонликнинг турли шаклларидан ҳимоя қилиш ва уларга нисбатан жинсий хусусиятдаги ҳаракатларнинг олдини олишга хизмат қилиши кераклигини айтди.
Ҳар икки фракция қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлади.
Бундан ташқари, «Адолат» партияси фракцияси Қонунчилик палатасига болаларга нисбатан зўравонлик учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган кенгроқ қонун лойиҳасини киритди.
Ҳужжат Жиноят, Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслар ва бир қатор бошқа қонунларга ўзгартиришлар киритишни назарда тутади.
Қонунчилик палатаси Кенгаши қонун лойиҳасини навбатдаги ялпи мажлис кун тартибига киритишга қарор қилди. Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси уни кўриб чиқишга масъул этиб белгиланди.
Қонун лойиҳасини 29 сентябрь куни парламент қуйи палатаси йиғилишида кўриб чиқиш режалаштирилган.
Қонунчиликни қатъийлаштириш бўйича муҳокамалар Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги давлат боғчасининг 5 ёшли тарбияланувчисига нисбатан содир этилган жинсий зўравонлик бўйича шов-шувли иш фонида бўлиб ўтмоқда.
12 сентябрь куни туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 118-моддаси 4-қисми (14 ёшга тўлмаган шахсни зўрлаш) билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноятни содир этганликда гумонланиб, боғча ходими К. М. қўлга олинган ва унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Қизчанинг онасининг сўзларига кўра, тахмин қилинаётган зўравонлик бир неча бор содир этилган бўлиши мумкин.
27 сентябрь куни Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева содир бўлган воқеага муносабат билдирди. У ушбу иш ҳақида маълумот олгач, «ҳақиқий ғазабни ҳис қилганини» маълум қилди ва тегишли органларга зарур топшириқлар берилганини айтди. Унинг сўзларига кўра, нафақат жиноятни содир этганлар, балки «бунга йўл қўйган, совуққонлик қилган ва болани асрай олмаганлар» ҳам жазоланиши керак.
Саида Мирзиёева, шунингдек, бундай жиноятлар учун «жавобгарликни максимал даражада кучайтириш» мақсадида қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар тайёрланаётганини маълум қилди.
Жаҳон тажрибасида болаларни ҳимоя қилиш барча муассасалар ва уларнинг ходимлари учун мажбурий бўлган қатъий стандартлар, протоколлар ва регламентларга асосланади.
Ўзбекистондаги зўравонликка қарши Nemolchi.uz лойиҳаси ҳали 2025 йилнинг бошида Бош прокуратурага вояга етмаганлар ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш чақириғи билан чиққан эди. Болаларга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этаётган шахслар, терговчилар ва судьялар бундай жиноятларни жинсий тегажоғлик кўринишидаги маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида кўриб чиққанларида, жиноий жазодан қутулиб қолишлари мумкин. Фаоллар идорадан бунга аралашишни сўрашган эди.

