Ўзбекистонда АЭС қурилишини назорат қилиш учун қўшма корхона ташкил этилади
Ўзбекистонда АЭСдаги лойиҳавий ечимлар ва қурилиш ишларини мустақил экспертизадан ўтказиш учун халқаро инжиниринг компанияси билан қўшма корхона ташкил этиш режалаштирилмоқда. 2027 йилда йирик ВВЭР блокларини лицензиялаш ва узоқ тайёрланиш циклига эга ускуналарга буюртма беришга ўтиш кўзда тутилган.

Ўзбекистонда АЭС қурилишини назорат қилиш учун қўшма корхона ташкил этиш режалаштирилмоқда
Жиззах вилоятида интеграциялашган атом электр станцияси қурилишининг энг қизғин палласида майдончага 10 мингдан ортиқ ишчи ва мутахассисларни жалб этиш кўзда тутилган, бунда уларнинг 65−70 фоизини маҳаллий кадрлар ташкил этиши керак. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевга тақдим этилган ҳисобот якунлари бўйича Атом энергияси агентлиги («Ўзатом») маълум қилди.
Ўзбекистондаги илк интеграциялашган АЭС лойиҳаси қурилишнинг фаол босқичига ўтди. Ҳозирда асосий ишлар биринчи энергоблокнинг пойдеворига қаратилган. 4 июндан бошлаб майдончага 916 куб метр бетон ётқизилди, қурилиш-монтаж базаси ва пойдевор ишлари эса, «Ўзатом» маълумотларига кўра, жадвал асосида бормоқда.
«Бу энди намойиш босқичи эмас. Котлован ёпилди, бетон қуйилмоқда, база кенгаймоқда. Дирекциянинг вазифаси — суръатни ушлаб туриш ва ер, бетон ҳамда лойиҳалаш ишлари ўртасида узилишга йўл қўймасликдир», — деди АЭС қурилиши бўйича Дирекция директори Абдижамил Калмуратов.
Унинг сўзларига кўра, 916 куб метр — «рамзий қуйма эмас, балки биринчи блокнинг юк кўтарувчи конструкцияси бошланишидир». Кейинги қадам умумстанция иншоотларини лойиҳалаш ва узоқ тайёрланиш циклига эга ускуналарни ишлаб чиқаришни тезлаштириш бўлиши керак.
«Ўзатом»да, шунингдек, атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш ҳужжати ишлаб чиқилгани ва тасдиқлангани, кичик қувватли блокларни жойлаштириш ва қуриш учун зарур рухсатнома ва лицензиялар олингани маълум қилинди.
22−26 июнь кунлари Ўзбекистонда МАГАТЭнинг иккинчи босқичдаги INIR (ядровий инфратузилмани комплекс кўриб чиқиш) такрорий миссияси бўлиб ўтди, унда 16 та вазирлик ва идорадан 41 нафар раҳбар ва мутахассис иштирок этди.
«Ўзатом» маълумотларига кўра, миссия якунлари бўйича Ўзбекистонга 2021 йилда берилган тавсияларнинг аксарияти бажарилгани қайд этилди. Тартиб-таомиллар якунланганидан кейин расмий ҳисоботни МАГАТЭ сайтида эълон қилиш режалаштирилган.
«Ўзатом»нинг жамланма ахборот, таҳлил ва стратегик режалаштириш бўлими маслаҳатчиси — раҳбари Розалия Камаева ушбу миссияни «бутун давлат машинасининг глобал стресс-тести» деб атади.
«Ядровий лойиҳа нафақат куб метр бетонлар билан, балки биринчи навбатда мамлакатнинг технологик жиҳатдан етуклиги билан синалади, бу ишонч лойиҳаси ва мутлақ ядровий хавфсизлик режимида фаолият юритиш қобилиятининг синовидир», — деди у.
Ўзбекистон атом энергетикаси учун инфратузилмани тайёрлашда сезиларли ютуқларга эришди, дея хулоса қилган эди аввалроқ МАГАТЭ миссияси. Шу билан бирга, мамлакат ҳали техник-иқтисодий тадқиқотларни якунлаши ва ядровий регуляторни мустаҳкамлаши лозим.
Лойиҳанинг алоҳида йўналиши маҳаллий корхоналар иштирокини кенгайтиришдан иборат бўлади.
«Ўзатом» баҳосига кўра, ҳозирги маҳаллийлаштириш салоҳияти лойиҳа умумий қийматининг 21 фоизигача ташкил этади. Ўзбекистоннинг 30 дан ортиқ корхонаси кабель, металл прокати, темир-бетон конструкциялар ва гидроизоляция материалларини етказиб беришга қодир.
Маҳаллийлаштиришни 30 фоиздан ошириш учун Фориш туманида, станциядан 25 км узоқликда майдони 200 гектар бўлган ихтисослаштирилган саноат зонасини ташкил этиш таклиф қилинмоқда. У ерда 15 та йўналиш бўйича маҳсулот ишлаб чиқариш ва йиғишни йўлга қўйиш ҳамда 2000 тагача иш ўрни яратиш режалаштирилган.
«АЭС нафақат киловатт-соатлар, балки саноат мактабини ҳам бериши керак. Форишдаги саноат зонаси — бу маҳаллийлаштиришни декларациядан ишлаб чиқариш занжирига ўтказадиган воситадир», — деди Абдижамил Калмуратов.
Ташқи инфратузилма учун Президент алоҳида мўлжални белгилаб берди — 60−70% маҳаллий маҳсулот ва хизматлар. Дирекция раҳбарининг сўзларига кўра, ядровий орол бош пудратчининг масъулият ҳудуди бўлиб қолади, майдонча, қурилиш базаси, материаллар ва инфратузилма эса технологик жиҳатдан йўл қўйиладиган жойларда ўзбек компаниялари салоҳиятидан максимал даражада фойдаланиши керак.
АЭСнинг ташқи инфратузилмаси доирасида 388 км электр тармоқлари, подстанция, 21 км ичимлик суви қувурлари, 120 км техник сув таъминоти, 39,5 км автомобиль ва 11 км темир йўлларини қуриш режалаштирилган.
Станциянинг ўз ҳудуди 525 гектарни ташкил этади. Атом шаҳарчаси, «Ўзатом» хабарига кўра, 100 гектарни эгаллайди ва 33 минг аҳолига мўлжалланади. Унда 10 мингга яқин хонадон кўзда тутилган бўлиб, улардан 3000 тасини биринчи босқичда қуриш режалаштирилган.
Шаҳарчада, шунингдек, илмий институтлар, мактаблар, болалар боғчалари, тиббиёт, спорт ва маданият объектлари пайдо бўлади. «Ўзатом»да уни келажакдаги юқори технологик илмий-саноат кластери ва эко-шаҳар деб аташмоқда.
«Атом шаҳарчасини вақтинчалик вахта шаҳарчаси сифатида кўриб бўлмайди. Бу ҳудудда кадрларни мустаҳкамлайдиган ва Фориш тумани иқтисодиётини ўзгартирадиган турар жой, ижтимоий ва таълим муҳитидир. Шаҳар одамларни ушлаб туради. Вахтани эмас, балки оилаларни, мактабни, тиббиётни, нормал турмушни», — деди Калмуратов.
Станция қурилишининг энг қизғин палласида майдончада 10 мингдан ортиқ ишчи ва мутахассисларни жалб этиш режалаштирилган. Маҳаллий кадрлар улуши 65−70 фоизни ташкил этиши керак.
2023 йилдан буён Миллий тадқиқот ядро университети «МИФИ»нинг Тошкент филиалини 216 нафар талаба тамомлади. Улардан 83 нафари Хитой, Венгрия, Франция, Италия ва Жанубий Корея олий ўқув юртлари магистратура ва аспирантурасида ўқишни давом эттирмоқда. Яна 100 нафар мутахассис Ўзбекистоннинг тўртта олий ўқув юртида тайёргарликдан ўтмоқда.
«Станциядан фойдаланишни ишга туширилган йилда бошлашмайди. Уни ҳозир тайёрлашади. МИФИ филиалининг 216 нафар битирувчиси — келажакдаги соҳанинг илк пойдеворидир. Лекин нафақат дипломлар керак: операторлар, муҳандислар, радиация хавфсизлиги бўйича мутахассислар ва кучли давлат бошқаруви аппарати керак», — деди Розалия Камаева.
Техник назоратни кучайтириш учун етакчи халқаро инжиниринг компанияларидан бири билан қўшма корхона ташкил этиш таклиф қилинмоқда.
У лойиҳа ҳужжатларини, ускуналарнинг асосий узелларини ва қурилиш ишлари сифатини мустақил баҳолаши, қурилиш дирекциясининг ўзидан ташқари қўшимча назорат контурини шакллантириши керак. Қўшма корхона иштирокчилари таркиби ва ташкил этиш муддатлари ҳозирча белгиланмоқда.
«Бош пудратчи қуради, лекин ўз халқи ва халқаро ҳамжамият олдида хавфсизлик учун тўлиқ масъулиятни фақатгина буюртмачи ўз зиммасига олади», — дея таъкидлади Розалия Камаева.
Унинг сўзларига кўра, қўшма корхона бир вақтнинг ўзида ўзбекистонлик мутахассисларга муҳандислик ва бошқарув компетенцияларини трансфер қилишни таъминлаши керак. Лойиҳа доирасида, шунингдек, 1000 га яқин тармоқ стандартларини мослаштириш ва жорий этиш режалаштирилган.
2026 йил якунига қадар расмийлар лойиҳа ҳужжатларини якунлашни, ташқи тармоқлар қурилишини бошлашни, маҳаллийлаштиришни чуқурлаштиришни ва буюртмачи ходимлари ҳамда станциянинг бўлажак ишчиларини тайёрлашни тезлаштиришни ният қилган.
2027 йилда йирик ВВЭР блоклари учун лицензия ҳужжатларини ишлаб чиқиш, умумстанция биноларини лойиҳалаш ва узоқ тайёрланиш циклига эга ускуналарга буюртмалар беришни бошлаш режалаштирилган.
Жиззах вилоятининг Фориш туманида қурилаётган интеграциялашган АЭС тўртта энергоблокдан иборат бўлади: ҳар бирининг қуввати 1 ГВт бўлган иккита ВВЭР-1000 реактори ва иккита 55 МВтли РИТМ-200Н кичик модулли реакторлари. Станциянинг умумий қуввати 2110 МВт ташкил этади, кутилаётган йиллик ишлаб чиқариш — 17 млрд кВт⋅соатгача.
«Ўзатом»да қайд этилишича, майдонча келгусида яна иккита йирик энергоблокни жойлаштириш имконини беради.
Биринчи кичик модулли реакторнинг техник ишга туширилиши 2029 йилнинг октябрь−ноябрь ойларига, иккинчисиники эса олти ойдан кейинга режалаштирилган. Биринчи йирик энергоблокни 2033 йилда ишга тушириш, лойиҳани тўлиқ якунлашни эса 2034−2035 йилларда амалга ошириш кўзда тутилган.
Лойиҳанинг базавий қиймати аввалроқ 9,5 млрд доллардан ошмаслиги баҳоланган эди. Молиялаштиришнинг асосий қисмини кредит маблағлари, жумладан, Россиянинг имтиёзли экспорт кредити кўринишида жалб қилиш режалаштирилган.

