Ўзбекистон ва Қозоғистон АЕС хавфсизлиги бўйича ҳамкорлик қилади

Ўзбекистон ва Қозоғистон атом электр стансиялари (АЕС) хавфсизлиги бўйича ҳамкорликни йўлга қўяди. Бу ҳақда “Ўзатом” агентлиги хабар берди.
21-август куни икки давлат делегациялари учрашув ўтказиб, АЕС қурилиши, ядровий, радиациявий ва экологик хавфсизлик масалаларини муҳокама қилди. Музокаралар якунида томонлар биргаликда чора-тадбирлар кўриш ва йўл харитаси тузишга келишиб олди.
Ҳозирда ҳар икки давлат ҳам ўзининг биринчи АЕСини қуриш лойиҳасини амалга оширмоқда. Учрашувда Ўзбекистон томони лойиҳалаш, қидирув ва тайёргарлик ишлари, шунингдек, атом ва радиация хавфсизлигини таъминлаш ҳамда атроф-муҳитни назорат қилиш усуллари ҳақида маълумот берди.
“Ўзатом” агентлиги директори Азим Аҳмадхўжаевнинг таъкидлашича, “Хавфсизлик — Ўзбекистон миллий атом дастурининг шубҳасиз устувор йўналишидир. Биз миллий қонунчилик ва халқаро стандартларга мувофиқ ядровий, радиациявий ва экологик хавфсизлик тизимини изчил йўлга қўймоқдамиз. Қўшни давлатлар, аввало, Қозоғистон билан очиқ мулоқот ўзаро ишончни мустаҳкамлайди ва лойиҳани амалга оширишнинг барча босқичларида минтақавий хусусиятларни ҳисобга олиш имконини беради”.
Қозоғистон томони лойиҳанинг техник ва экологик жиҳатлари бўйича саволлар берди. Ўзбекистон Энергетика, Экология ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирликлари вакиллари ушбу саволларга жавоб берди. Томонлар атом соҳаси учун кадрлар тайёрлаш масаласини ҳам алоҳида муҳокама қилди.
Қозоғистон Республикаси Экология ва табиий ресурслар вазири ўринбосари Мансур Ошурбоев шундай деди: “Қозоғистон минтақада атом энергетикасининг барқарор ва хавфсиз ривожланишидан манфаатдор. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалаларида тажриба алмашиш, ёндашувларнинг шаффофлиги ва ҳамжиҳатликдаги ишлар ҳар икки мамлакат ҳамда Марказий Осиё аҳолиси манфаатларига мос келади. Бугунги музокаралар давлатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик юксак даражада эканини тасдиқлайди”.
Ўзбекистон томони Марказий Осиё мамлакатлари мутахассисларининг таълим модуллари ва амалий тайёргарлигини, замонавий лабораториялар негизида тренажёр машғулотларини, ХАЕА тавсияларига мувофиқ миллий ядро инфратузилмасини ривожлантириш бўйича эксперт маслаҳатларини, ягона академик мобиллик платформасини, шунингдек, республикада АЕС қуриш ва ундан фойдаланиш тажрибасига асосланган “билимлар базаси”ни бирлаштиришга мўлжалланган ихтисослаштирилган марказ консепсиясини тақдим этди.
Марказнинг устувор йўналишлари қаторига ядровий ва радиациявий хавфсизлик маданиятини мустаҳкамлаш, меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш ҳамда тинч атомнинг ижтимоий мақбуллигини, шу жумладан, Нуслеар Кновледге Платформ ва Нуслеар Энергй Моделлинг Ҳуб рақамли платформалари орқали ошириш киради.
Аввалроқ Ўзбекистон атом электр стансиясида радиация ҳалокати юз берганда ҳаракат қилиш тартибини тасдиқлаган эди. Ушбу ҳужжатда фавқулодда ҳолат эълон қилиш, хизматларни огоҳлантириш ва ёрдам кўрсатиш тартиби белгиланган.
Қирғизистонда эса атом электр стансияси қуриш бўйича аниқ қарор йўқ, аммо Россиянинг “Росатом” компанияси билан ҳамкорлик меморандуми имзоланган.

