Ўзбекистонда 5000 га яқин лифтнинг фойдаланиш муддати тугаган — Қурилиш вазирилиги
Ўзбекистонда 4973 та лифтнинг белгиланган фойдаланиш муддати тугади, деб хабар берди Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири. Депутат тез-тез содир бўладиган бузилишлар ва одамлар кабиналарда қамалиб қоладиган ҳолатларга эътибор қаратди. Ускуналар хавфсизлигини назорат қилиш учун Xavfsiz lift электрон платформаси жорий этилди.

Ўзбекистонда деярли 5000 та лифтнинг фойдаланиш муддати тугади — Қурилиш вазирлиги
Ўзбекистонда 4973 та лифтнинг фойдаланиш муддати тугаган, деб хабар берди 13 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Ҳукумат соати»да қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Ҳидоятов.
Халқ-демократик партиясидан депутат Зокиржон Зоҳидов кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли, жумладан, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг лифтлар мунтазам бузилиши ва йўловчилар кабиналарда қамалиб қолиши ҳолатлари бўйича шикоятларига эътибор қаратди.
У рақамли назорат жорий этилганига қарамай, муаммолар нега йўқолмаётгани, қанча лифт мукаммал таъмирлаш ёки алмаштиришни талаб қилиши ҳамда уларни янгилаш бўйича аниқ муддатлар белгилангани ёки йўқлиги билан қизиқди.
Шерзод Ҳидоятов жавобида носозликларнинг сабабларидан бири ускуналарга техник хизмат кўрсатиш етарли даражада эмаслиги эканини таъкидлади.
«Бугунги кунда республикада 4973 та лифтнинг фойдаланиш муддати тугаган. Бундан ташқари, техник хизмат кўрсатиш ва профилактика таъмирлаш ишларининг ўз вақтида ўтказилмагани носозликлар сабабига айланмоқда», — деди вазир.
Муаммони босқичма-босқич ҳал этиш учун 2021—2026 йилларда бюджет маблағлари ҳисобидан 3274 та лифт янгиланди ва 71 таси таъмирланди.
Бундан ташқари, президентнинг 2026 йил 16 февралдаги фармони (Ф-21) билан 2030 йилгача 4953 та лифтни таъмирлаш ва янгилаш назарда тутилган. Вазирнинг сўзларига кўра, дастурни амалга ошириш учун маблағлар ажратилган.
Шу билан бирга, Ҳидоятов фойдаланиш муддати тугаган лифтларнинг қанчаси ҳали ҳам ишлатилаётганига ва аллақачон бажарилган таъмирлаш ишлари янги модернизация дастури билан қандай боғлиқлигига аниқлик киритмади.
Қурилиш вазирлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 7201 та бинода ўрнатилган 19 740 та лифтни ўз ичига олган электрон база яратилган. Фойдаланилаётган 18 489 та лифт ва уларга хизмат кўрсатадиган 93 та ташкилот ҳақидаги маълумотлар алоҳида киритилган.
Ускуналарнинг ҳолатини назорат қилиш учун 2025 йил 1 майдан бошлаб масофавий мониторинг олиб бориш имконини берувчи ягона идоралараро Xavfsiz lift электрон платформаси ишламоқда.
Ҳидоятов таъкидлаганидек, тизимда хавфсизлик, сертификатлаш, техник хизмат кўрсатиш ва лифтларни қабул қилиш бўйича талаблар назарда тутилган. Текширувларга қурилиш назорати, саноат хавфсизлиги ва техник жиҳатдан тартибга солиш органлари жалб этилган.
«Агар пудратчи белгиланган сифат талабларини бажармаса, платформа лифтни қабул қилмайди. Лифт Xavfsiz lift тизими орқали қабул қилинмагунча, турар жой уйи умуман фойдаланишга қабул қилинмайди», — деди вазир.
У лифтни қабул қилиш учун унинг хавфсизлик талабларига мувофиқлиги тўғрисидаги ҳужжатларни юклаш, хизмат кўрсатувчи ташкилот билан шартнома тузиш, ишлайдиган алоқа ва видеокузатувни, шунингдек, диспетчерлик марказига уланишни таъминлаш зарурлигини тушунтирди.
«Агар биз лифтларни доимо назорат қилмасак, уларга хизмат кўрсатмасак ва уларнинг хавфсизлиги учун жавобгарликни таъминламасак, бу жиддий муаммоларга олиб келади. Шунга кўра, бу талабларнинг барчаси электрон платформага киритилган», — деди Ҳидоятов.
Вазирнинг сўзларига кўра, янги тизим лифтларнинг барқарор ишлашини таъминлаши ва улардан фойдаланиш хавфсизлигини ошириши керак.
Июль ойида Ўзбекистон ҳукумати лифтларни техник кўрикдан ўтказиш тартибини тасдиқлади, унда камида йилда бир марта мажбурий текширув назарда тутилган. Улар яшил («яроқли»)дан қизил («хавфли»)гача бўлган ранглар бўйича маркировка қилинади. Ҳужжатда инспекторларга қўйиладиган малака талаблари ҳам белгиланган.

