Ўзбекистонда 25–40 килограммлик қовоқлар етиштирилди
Ўзбекистонда Италиядан олиб келинган гигант қовоқ навлари 150 гектар майдонда тажриба тариқасида етиштирилмоқда. Айни пайтда қовоқ меваларининг вазни 25–40 килограммга етган, мавсум якунида эса жами 7,5 минг тонна ҳосил олиш кутилмоқда.

Ўзбекистонда 25–40 килограммлик қовоқлар етиштирилди
Жорий йилда Италиядан Биг Мах, Атлантис Гиант ва Маммотҳ Голд навларига мансуб жами 600 килограмм қовоқ уруғи Ўзбекистонга олиб келинди.
Уруғлар республиканинг барча ҳудудларидаги тажриба стансияларида жами 150 гектар майдонга экилди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу навлардан ҳар гектар майдон ҳисобига ўртача 500 сентнер ёки 50 тоннадан ҳосил олиш кутилмоқда. Умумий ҳосил ҳажми эса 7,5 минг тонна бўлиши прогноз қилинган.
Айни пайтда тажриба майдонларида етиштирилаётган қовоқларнинг ҳар бири 25 килограммдан 40 килограммгача вазн тўплаган.
Шу билан бирга, фермерларга гигант қовоқ навларини етиштириш технологияларини ўргатиш ишлари ҳам олиб борилмоқда.
Хоразм вилоятининг Хонқа туманида олим иштирокида 312 та фермер хўжалиги раҳбари учун амалий семинар ташкил этилди. Унда фермерларга гигант қовоқ навларини етиштириш агротехнологиялари бўйича тушунтиришлар берилди.
Бундай ўқув-амалий семинарларни Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам давом эттириш режалаштирилган.

