Ўзбекистонда 1 октябрдан нималар ўзгаради?
1 октябрдан Тошкентда жамоат транспортида юриш ҳақи қимматлашади, Тошкент вилоятида эса ичимлик суви ва канализация хизматлари тарифлари ошади. Бозорлар ва савдо комплекслари синов тариқасида E-bozor тизимига улана бошлайди. Тадбиркорлар жаримани бўлиб-бўлиб тўлашлари мумкин бўлади.

Ўзбекистонда 1 октябрдан нималар ўзгаради?
1 октябрдан Ўзбекистонда қонунчиликда бир йўла бир нечта ўзгаришлар ва бошқа янгиликлар кучга киради.
Тошкентда 1 октябрдан автобус ва метроларда йўл ҳақи қимматлашади — электрон тўлов амалга оширилганда тариф 1700 сўмдан 2500 сўмгача кўтарилади. Нақд пул билан тўланганда нарх ўзгаришсиз қолади — 3000 сўм.
Йўловчилар учун қатновлар сонига қараб чегирмалар тизими ҳам жорий этилади. Ўқувчилар, талабалар, пенсионерлар ва ногиронлиги бўлган шахслар тариф пакетлари бўйича 50% тежаш имкониятига эга бўладилар.
Юридик ва жисмоний шахслар Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ўзларига тегишли кўчмас мулк ва автомобилларга гаров, ипотека ва бегоналаштиришни тақиқлашни мустақил равишда ўрнатиш ва бекор қилиш имкониятига эга бўладилар.
Жисмоний шахслар учун бундай тақиқ Face ID ёрдамида идентификациядан ўтгандан кейин ўрнатилади. Юридик шахсларга эса таъсисчилар, иштирокчилар ёки акциядорлар умумий йиғилишининг электрон рақамли имзо билан имзоланган қарори керак бўлади.
Ўзбекистон давлат органлари фуқароларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси ва бошқа шахсий маълумотлари ўзгаргандан сўнг ЯИДХПдаги маълумотларни автоматик равишда янгилаб боради.
Порталда олиш мумкин бўлган маълумотлар ўзгарганлиги тўғрисидаги маълумотнома асосида шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар қайта расмийлаштирилади.
ЯИДХПда янги хизмат пайдо бўлади, у орқали фуқаролар ўз номларига расмийлаштирилган барча телефон рақамлари ва банк карталари тўғрисида маълумот олишлари мумкин бўлади.
Портал орқали телефон рақамини кейинчалик тиклаш имконияти билан вақтинчалик фаол бўлмаган ҳолатга ўтказиш ҳам мумкин бўлади. Агар рақамдан бошқа фойдаланилмаса, фуқаро унинг хизмат кўрсатилишини тўхтатиш тўғрисида ариза бериши мумкин.
Бундан ташқари, ЯИДХПда ҳар бир телефон рақамига уланган пуллик хизматлар ҳақида маълумотлар кўрсатилади.
1 октябрдан бошлаб синов тариқасида Ўзбекистондаги 300 дан ортиқ бозор ва савдо комплекслари ягона «E-bozor» рақамли платформасига уланади. Платформани тўлиқ ишга тушириш 1 мартга мўлжалланган.
Платформада бозорлар ва савдо комплексларининг паспортлари, уларнинг манзиллари, бўш савдо нуқталари ва жойлари тўғрисидаги маълумотларни жойлаштириш режалаштирилган. Шунингдек, «E-bozor» орқали аҳоли бозорлар фаолияти ҳақида маълумот олиши ва маъмуриятларга электрон мурожаатлар юбориши мумкин бўлади.
Платформа оператори Солиқ қўмитаси бўлиб, у савдо нуқталарига солиқ ходимларини бириктиради ва уларнинг иш самарадорлигини ҳар куни таҳлил қилади.
Тадбиркорлар молиявий жарималарни ихтиёрий равишда қулайроқ шартларда тўлашлари мумкин бўлади. Агар тадбиркор қарор қабул қилингандан кейин бир ой ичида жарима суммасининг 50 фоизини тўласа, у қолган ярмини тўлашдан озод қилинади.
Шунингдек, ярим йилга тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти амал қилади. Бунинг учун тадбиркор биринчи ой давомида жарима суммасининг камида 1/6 қисми миқдорида бошланғич тўловни амалга ошириши керак. Шундан сўнг бўлиб-бўлиб тўлаш автоматик равишда кучга киради.
1 октябрдан бошлаб бир вақтнинг ўзида иккита шартга жавоб берадиган ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари товарларни импорт қилишда тўланадиган ҚҚСни ўзаро ҳисобга олишлари мумкин бўлади.
Биринчи шарт — компания солиқ хавфи паст даражада бўлиши керак. Иккинчиси — унда амалдаги ҚҚС тўловчиси гувоҳномаси бўлиши керак.
Экспортчилар учун товарлар экспорти билан боғлиқ айрим йиғимлар ва тўловлар миқдори 30 фоизга камайтирилади.
Қисқартириш тўрт турдаги харажатларга дахл қилади: божхона расмийлаштируви; фитосанитария сертификатини олиш; фумигация; товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификатни олиш.
Аҳолининг ижтимоий тоифалари 1 октябрдан бошлаб театр, кино ва концерт тадбирларига бепул ваучерлар олишлари мумкин бўлади. Маблағлар давлат бюджетидан ажратилади.
Ушбу тоифага 500 минг нафар ўқитувчи, шифокор, давлат хизматчилари, фаол ўқувчи ва талабалар, шунингдек, «Ижтимоий реестр»га киритилган 100 минг оиланинг ҳар биридан бир нафардан фарзанди ва ногиронлиги бўлган болалар киради.
Ваучер қиймати миқдоридаги маблағлар тегишли шахс номига расмийлаштирилган ижтимоий карта орқали ўтказилади.
1 октябрдан Тошкент шаҳрида қоидабузарликлар учун ушлаб турилган автомобилларни эвакуация қилиш, жойлаштириш ва сақлашнинг янги тартиби жорий этилмоқда. Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимида «Jarima maydonchasi» модули ишга туширилди.
Тизимда ушлаб турилган, жарима майдончасига жойлаштирилган ёки чиқаришга рухсат берилган автомобилларнинг ягона электрон ҳисоби юритилади. У орқали ҳуқуқбузарликлар учун жарималарни, сақлаш қийматини ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш мумкин бўлади. Автомобилни чиқариш учун QR-кодли электрон рухсатнома, жумладан, ЯИДХП орқали ҳам шакллантирилади.
Эксперимент 2034 йил охиригача мўлжалланган.
3 октябрдан Тошкент вилоятида ичимлик суви ва оқова сув хизматлари тарифлари оширилади. Аҳолининг асосий қисми учун бир кубометр сув ҚҚС билан бирга 19,2 фоизга ошиб, 3472 сўмни, оқова сув эса 15,4 фоизга ошиб, 1680 сўмни ташкил этади. Бюджет ташкилотлари ва бошқа юридик шахслар учун ўсиш 6,7 фоиздан 33,3 фоизгача бўлади.
1 октябрдан Андижон вилоятида тажриба бошланади, унинг доирасида хусусий компаниялар суюлтирилган газни тўғридан-тўғри импорт қилишлари ва уни аҳолига маиший баллонларда эркин нархларда сотишлари мумкин бўлади. Эксперимент «LPG-Trade» тизими билан параллел равишда амал қилади.
Лойиҳада камида иккита хусусий оператор иштирок этиши керак. Улар газ ташиш, қабул қилиш, сақлаш ва тақсимлаш учун шахсий ёки ижарага олинган қувватларга, зарур лицензия ва рухсатномаларга, шунингдек, тайёрланган ходимларга эга бўлиши лозим.
Компаниялар, шунингдек, истеъмолчилар онлайн хизматлардан фойдаланишлари мумкин бўлган мобил иловаларни ишга туширишлари керак.
Вақтинчалик бошпана ва ижтимоий тикланиш марказларида яшовчилар расман ишсиз мақомини олишлари ва бепул касб-ҳунарга ўқитиш учун ваучерларни расмийлаштиришлари мумкин бўлади.
Бу қисқа муддатда эгаллаш мумкин бўлган касбларни, жумладан, етказиб бериш, қурилиш, таъмирлаш ва маиший хизмат кўрсатиш йўналишлари бўйича ўзлаштириш имконини беради.
1 октябрдан Бухоронинг тарихий қисмида электроскутерлар, электросамокатлар, рикшалар, мопедлар, тўрт ғилдиракли велосипедлар, картинглар ва қатор бошқа ҳаракатланиш воситаларининг ҳаракати чекланади.
Чекловлар от ва туяларда ҳаракатланишга ҳам тааллуқлидир. Улар Арк қалъасидан Пои Калон ансамбли ва Ҳақиқат кўчаси орқали Лаби Ҳовуз ансамблигача бўлган ҳудудда амал қилади.

