1-октабрдан Ўзбекистонда нималар ўзгаради?
Тадбиркорлар жаримани 1 ойда тўласа, ярмидан озод қилинади, ЯИДХП орқали мулкка тақиқ қўйиш, ўз номидаги телефон рақамлари ва банк карталарини кўриш мумкин бўлади, қурилишга тайёр ерлар ауксион орқали сотилади — 1-октабрдан кучга кирадиган ўзгаришлар Газета шарҳида.

1-октабрдан Ўзбекистонда бир қатор қонунчилик ўзгаришлари ва бошқа янгиликлар кучга киради.
1-октабрдан тадбиркорлар учун молиявий жарималарни ихтиёрий тўлашни рағбатлантирувчи ягона тартиб жорий этилади. Унга кўра, тадбиркор бир ой ичида жариманинг 50 фоизини тўласа, қолган қисмидан озод этилади. Шунингдек, жаримани 6 ой давомида тенг миқдорларда бўлиб тўлаш имконияти берилади. Жарима қўллаш ҳақидаги қарор суд томонидан бекор қилинса ёки ҳақиқий эмас деб топилса, ундирилган маблағлар 15 кун ичида қайтарилади. Агар бу муддат бузилса, кечиктирилган ҳар бир кун учун Марказий банк асосий ставкасининг 1/300 қисми миқдорида фоиз тўланади.
1-октабрдан Ўзбекистонда истиқболли уй-жой қуриш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича манзилли рўйхат — “Ер банки”га киритилган ер участкалари қурилишга тайёр ҳолатда очиқ электрон онлайн ауксионларга чиқарилади. Бунда ер участкалари бош режа консепсияси ва қуриш лойиҳаларига мувофиқлаштирилиб, ҳудудий архитектура-шаҳарсозлик кенгаши билан келишилган, қурилишга рухсатнома ва зарур лойиҳа ҳужжатлари тайёрланган ҳолда ауксионга қўйилади. Ерлар, қоида тариқасида, йирик бўлмаган лотларга ажратилади. “Ер банки”га туман ва шаҳар ҳокимликлари тасарруфидаги бўш ерлар, хусусийлаштириладиган давлат мулки обьектлари жойлашган участкалар, реновация ҳудудлари ҳамда қонунчиликда белгиланган тартибда тоифаси ўзгартириладиган айрим қишлоқ хўжалиги ерлари киритилади.
1-октабрдан жисмоний ва юридик шахслар Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали ўзига тегишли кўчмас мулк ва автомототранспорт воситаларини гаровга ёки ипотекага қўйишга, шунингдек, уларни бегоналаштиришга тақиқ қўйиши ёки тақиқни бекор қилиши мумкин бўлади. Жисмоний шахслар учун тақиқ қўйиш Фасе ИД орқали идентификациядан ўтгандан кейин амалга оширилади. Юридик шахслар эса муассислар, иштирокчилар ёки аксиядорлар умумий йиғилишининг электрон рақамли имзо билан тасдиқланган қарорини тақдим этиши керак.
1-октабрдан Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (ЯИДХП) фуқаролар ўз номига расмийлаштирилган барча телефон рақамлари ва банк карталари ҳақида маълумотни кўриши мумкин бўлади. Шунингдек, фуқаролар портал орқали телефон рақамини муайян муддатга нофаол ҳолатга ўтказиш ёки қайта фаоллаштириш, фойдаланилмаётган рақамга хизмат кўрсатишни тўхтатиш ва унга уланган пуллик хизматлар ҳақида маълумот олиш имконига эга бўлади. Банк карталари бўйича эса портал орқали картани чиқарган банкка уни блоклаш ёки ёпиш ҳақида электрон ариза юбориш мумкин бўлади.
1-октабрдан давлат органларининг ахборот тизимларида фуқароларнинг шахсий маълумотларини автоматик янгилаш тартиби кучга киради. Фуқароларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси ва бошқа шахсий маълумотлари ўзгарган тақдирда, давлат идоралари бу ҳақдаги маълумотларни идоралараро электрон ҳамкорлик тизими орқали олади ва ўз электрон базаларини мустақил равишда янгилайди. Шунингдек, шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали олинадиган шахсий маълумотлар ўзгаргани ҳақидаги электрон маълумотнома асосида қайта расмийлаштирилади.
1-октабрдан электротехника корхоналарига “Савдони ривожлантириш компанияси” маблағлари ҳисобидан 2 йилгача муддатга, 3 ойлик имтиёзли давр билан йиллик 6 фоиз ставкада кредит ажратилади. Бир тадбиркор учун кредит миқдори 5 млн доллардан ошмайди. Кредитнинг 50 фоизига, бироқ 20 млрд сўм эквивалентидан ошмаган миқдорда “Бизнесни кафолатлаш миллий компанияси” кафиллик беради. Қолган қисми ликвидли мол-мулк, суғурта полиси, экспорт шартномаси ёки бошқа таъминот билан қопланади. Шунингдек, “Ўзсаноатекспорт”га корхоналарнинг мис хомашёси харидини молиялаштириш учун 40 млн доллар ажратилади. Биржа савдоларида корхона тўловнинг 25 фоизини, “Ўзсаноатекспорт” эса қолган 75 фоизини тўлайди. Корхона ушбу маблағни 90 кун ичида қайтариши керак.
Андижон вилоятида хусусий компанияларга суюлтирилган газни тўғридан-тўғри импорт қилиб, аҳолига маиший баллонларда эркин нархларда сотишга рухсат берилади. Тажриба “Ҳудудгазтаъминот” ҳузурида аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш бўйича махсус оператор сифатида ташкил этиладиган ЛПГ-Траде компанияси тизими билан параллел равишда амал қилади. Лойиҳада камида иккита хусусий оператор иштирок этиши керак. Улар газни ташиш, қабул қилиш, сақлаш ва тарқатиш учун ўз ёки ижарага олинган қувватларга, зарур лицензия ва рухсатномаларга эга бўлиши, шунингдек, ўқитилган ходимлар билан таъминланиши лозим. Хусусий операторларга газ баллонларини сақлаш ва сотиш шохобчаларини ташкил этишга ҳам рухсат берилади. Кейинчалик тажриба натижаларига кўра, ушбу моделни бошқа ҳудудларга ҳам босқичма-босқич жорий этиш мумкин бўлади.
1-октабрдан солиқ органларида хавф даражаси паст бўлган ва ҚҚС гувоҳномаси фаол бўлган ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига импорт қилинадиган товарлар учун тўланадиган қўшилган қиймат солиғи суммаларини ўзаро ҳисобга олиш имконияти яратилади. Шу санадан экспортда назорат жараёнларини рақамлаштириш ва такомиллаштириш ҳисобига божхона расмийлаштируви, фитосанитария сертификати, фумигация ҳамда товарнинг келиб чиқиш сертификати учун йиғим ва тўловлар миқдори 30 фоизга камайтирилади.
1-октабрдан Бухоронинг тарихий қисмида йўловчи ташишга мўлжалланмаган айрим транспорт воситалари ҳаракати чекланади. Чеклов Арк қўрғонидан Пойи Калон ансамбли ва Ҳақиқат кўчаси орқали Лаби Ҳовузгача бўлган ҳудудга тааллуқли. Ҳудудда электроскутер, рикша, мопед, тўрт ғилдиракли велосипед, электросамокат, картинг ва бошқа шунга ўхшаш транспорт воситалари, шунингдек, от ва туяда ҳаракатланиш чекланади. Ҳокимлик бу чорани сайёҳлар ва пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш, тартибсиз ҳаракатланиш ҳамда жароҳатланишларнинг олдини олиш зарурати билан изоҳлаган. Мазкур транспорт воситаларида хизмат кўрсатувчи ўзини ўзи банд қилган шахслар учун муқобил ҳудудлар белгиланади. Улар Янги Ўзбекистон боғи ёки “Боқий Бухоро” боғида хизмат кўрсатиши мумкин.
1-октабрдан бошлаб давлат буджети ҳисобидан театр, кино ва консерт тадбирларига бепул ваучерлар берилади. Уларни ҳар йили 500 минг нафар ўқитувчилар, шифокорлар, давлат хизматчилари, фаол ўқувчи ва талабалар, шунингдек, Ижтимоий реестрга киритилган 100 мингта оиланинг ҳар биридан бир нафардан бола ҳамда ногиронлиги бўлган болалар олишлари мумкин бўлади. Ваучер қиймати бўйича маблағлар ваучер олувчиларнинг номига очиладиган ижтимоий карта орқали тақдим этилади.
1-октабрдан сув тежовчи технологияларни жорий этишда янги талаблар кучга киради. Таъминотчи корхоналар ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар насос ҳамда филтр қурилмаларини ҚР-кодли махсус ёрлиқ билан ишлаб чиқариши ва уларга ГПС-трекер ўрнатиши керак бўлади. Шу санадан сув тежовчи технологияларни ўрнатиш ишлари тасдиқланган минимал талаб ва меъёрлар асосида амалга оширилади. Технологияларни банк кредити жалб қилмасдан, ўз маблағи ҳисобидан жорий этувчиларга субсидия ажратиш тартиби ҳам ўзгаради. Бунда лойиҳа-смета ҳужжатлари ва таъминотчи билан тузилган шартнома асосида ҳисобланган субсидиянинг 50 фоизи олдиндан тўланади. Қолган 50 фоиз технологиялар ўрнатилиб, фойдаланишга топширилгандан кейин берилади. Агар субсидиянинг биринчи 50 фоизи тўланганидан кейин икки ой ичида технологиялар ўрнатилиб, ишга туширилмаса, ажратилган маблағ қайтарилади.

