Маҳаллий

1-сентабрдан Ўзбекистонда нималар ўзгаради?

Иш ҳақи ва стипендиялар оширилади, БҲМ ва МҲТЕКМ ўзгаради, автобусга чиқиш вақтида йўл ҳақини тўламаган йўловчи чиптасиз юрган ҳисобланади, талабалар ётоқхонасига жойлашиш ва рўйхатдан ўтиш бир вақтда амалга оширилади — 1-сентабрдан кучга кирадиган ўзгаришлар Газета шарҳида.

1-сентабрдан Ўзбекистон қонунчилигида бир қатор муҳим ўзгаришлар ва янгиликлар кучга киради. Қуйида "Gazeta.uz", Адлия вазирлиги ва Lex.uz сайтлари маълумотлари асосида тайёрланган шарҳ билан танишишингиз мумкин.

**Иш ҳақи ва стипендиялар оширилади**

1-сентабрдан бошлаб буджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ва стипендиялар миқдори 7 фоизга оширилади. Шу санадан бошлаб меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ойига 1 360 000 сўм (ҳозирда 1 271 000 сўм), базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ) эса 440 000 сўм (ҳозирда 412 000 сўм) этиб белгиланади. Эслатиб ўтамиз, 1-июлдан пенсиялар, нафақалар, шу жумладан Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга болалар нафақалари ва моддий ёрдам тўловлари 7 фоизга оширилган эди. 1-июлдан пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори ҳам 504 000 сўм этиб белгиланган.

**Автобусларда йўл ҳақи тўлаш тартиби ўзгаради**

1-сентабрдан автоматлаштирилган тўлов тизими – валидатор билан жиҳозланган автобусларда йўловчи автобусга чиқиш вақтида йўл ҳақини тўлаши ёки имтиёзли/бепул юриш ҳуқуқини тасдиқлаши шарт. Бунинг учун транспорт ёки банк картаси, смартфон ва бошқа контакциз электрон тўлов усулларидан фойдаланиш мумкин. Йўл ҳақи автобусга чиқиш вақтидаёқ тўланмаса ёки имтиёзли юриш ҳуқуқи тасдиқланмаса, йўловчи чиптасиз юрган деб ҳисобланади. Бунинг учун БҲМнинг 1/10 қисми миқдорида (сентабрдан 44 минг сўм) жарима белгиланган. Эслатиб ўтамиз, 1-сентабрдан автобусда йўл ҳақини тўламаганлик учун амалда қўлланадиган жарима миқдорини 10 бараваргача ошириш режалаштирилганлиги айтилган эди. Қонунчилик палатасига киритилган таклифда биринчи қоидабузарлик учун 220 минг сўм, такрорий ҳолат учун 440 минг сўмгача жарима белгилаш кўзда тутилган.

**Талабалар ётоқхонасига жойлашиш ва рўйхатга олишнинг композит тартиби**

1-сентабрдан талабалар ётоқхонасига жойлашиш бўйича шартнома тузиш билан бир вақтда талабани турган жойи бўйича рўйхатга олишнинг композит тартиби жорий этилади. Яъни ётоқхонага жойлашиш ва турган жой бўйича рўйхатдан ўтиш жараёнлари бир вақтда амалга оширилади. Шунингдек, сентабр ойидан ЯИДХП ва давлат хизматлари марказлари орқали хорижда яшаётган ватандошлар ва уларнинг оила аъзоларини Ўзбекистонга таклиф қилиш, фуқаролиги бўлмаган шахсларга биометрик ҳаракатланиш ҳужжатларини расмийлаштириш учун ариза бериш ҳамда айрим ҳолларда турган жой бўйича рўйхатга олинганликни бекор қилиш хизматлари ҳам йўлга қўйилади.

**Алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болалар учун "оилабай" ишлаш тизими**

1-сентабрдан алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болаларни таълим, ижтимоий ёрдам ва хизматларга жалб қилиш бўйича “оилабай” ишлаш тизими жорий этилади. Унга кўра, ижтимоий ходимлар ота-оналарга болани таълим ва ижтимоий хизматларга жалб этишда амалий ёрдам кўрсатади, боланинг ушбу хизматлардан фойдаланишини доимий мониторинг қилади ва заруратга кўра бошқа ижтимоий ёрдам ва хизматларга йўналтиради. Шунингдек, 3−18 ёшли болаларнинг алоҳида таълимга эҳтиёжи “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларининг Болани комплекс баҳолаш гуруҳи томонидан аниқланади ва давлат таълим муассасаларига йўналтирилади.

**Коррексион синфлар учун субсидиялар**

1-сентабрдан коррексион синф ташкил этган нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотларига ҳар бир ўқувчи учун субсидия ажратилади.

**Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни жойлаштириш тартиби**

1-сентабрдан муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахслар Ижтимоий марказларга фақат ўз розилиги билан жойлаштирилади. Суд қарори асосида уларни мажбурий жойлаштириш амалиёти бекор қилинади. Марказларга жойлаштирилган шахслар вақтинчалик бошпана, озиқ-овқат ва шахсий гигиена воситалари билан таъминланади. Улар учун ҳужжатларни тиклаш, тиббий ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш, касбга ўқитиш ҳамда ишга жойлаштиришни назарда тутувчи индивидуал режа ишлаб чиқилади. Шунингдек, 1-сентабрдан туман ва шаҳар ободонлаштириш бошқармаларининг ищи мутахассислари, муҳандис-техниклари ва ишлаб чиқариш ходимлари биринчи навбатда Ижтимоий марказларга жойлаштирилган шахслар ҳисобидан шакллантирилади.

**ЯИДХПда виртуал тўлов карталари**

1-сентабрдан Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП)да тижорат банкларининг виртуал тўлов карталарини жорий этиш режалаштирилган. Фойдаланувчи виртуал картага ўзининг амалдаги банк картасини бириктириб, давлат хизматлари учун портал орқали тўловларни амалга ошириши мумкин бўлади. Виртуал картани очиш, уни тўлдириш ва унда қолган маблағни фойдаланувчининг бошқа банк картасига ўтказиш учун комиссия ундирилмайди. Шунингдек, ортиқча ёки нотўғри тўланган, асоссиз рад этилган давлат хизмати учун тўланган ҳамда кечиктирилган хизмат учун амалга оширилган тўловлар алоҳида аризасиз виртуал картага автоматик равишда қайтарилади.

**Маданият ва санъат соҳасидаги ташкилотлар учун солиқ имтиёзлари**

2026-йил 1-сентабрдан 2036-йил 1-январга қадар консертларни ташкил этиш, кинематография, болалар учун контент яратиш билан шуғулланувчи компаниялар, нодавлат театрлар ва театр-студиялар, шунингдек, маданият ва санъат соҳасидаги хусусий таълим ташкилотлари қатор солиқлардан озод қилинади. Жумладан, улар қўшилган қиймат солиғи, фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ, ер солиғи ва мулк солиғини тўламайди. Шунингдек, ушбу ташкилотлар ходимларининг жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳам ушбу даврда ундирилмайди. Бундан ташқари, нодавлат театр ва театр-студияларни қўллаб-қувватлаш учун ҳар йили 10 млрд сўм ажратилади. Маблағлар ҳисобидан ҳар йили 50 та саҳна асарини яратиш харажатлари ҳамда хусусий бинолар ижарасининг бир қисми қопланади. Шунингдек, 1-июлдан давлат ва нодавлат театрларга сотилган ҳар бир чипта учун қўшимча субсидия берила бошлаган: спектакл театр фаолият юритаётган ҳудудда намойиш этилса – 10 минг сўм, бошқа ҳудудга чиқиб намойиш этилса – 20 минг сўм.

**Докторантура қабул квоталари ва стипендиялар**

2026-йил 1-сентабрдан давлат буджети ҳисобидан ажратиладиган таянч докторантура ва докторантура қабул квотасининг камида 60 фоизи устувор илмий ихтисосликларга ажратилади. Шу йўналишларга қабул қилинган докторантларга базавий стипендиянинг 1,7 баравари миқдорида оширилган стипендия тўланади. Бундан ташқари, устувор илмий ихтисосликда таҳсил олаётган докторантларнинг тадқиқот иши учун зарур асбоб-ускуналарни харид қилишга ҳар ой базавий стипендиянинг 30 фоизи миқдорида қўшимча маблағ ажратилади. Шунингдек, таянч докторантуранинг биринчи ўқув йилида илмий тадқиқот методологияси, академик ёзиш, статистика ва маълумотлар таҳлили каби фанлар бўйича ўқув машғулотлари ташкил этилади. Устувор илмий ихтисосликлар қаторига рақамли технологиялар ва сунъий интеллект, атом ва қайта тикланувчи энергетика, агроинновациялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги, тиббиёт ва биотехнологиялар, сув ресурслари ва иқлим барқарорлиги, янги материаллар, робототехника ва автоматлаштириш, шунингдек, сейсмик хавфсизлик йўналишлари киритилган.

**Одам савдосидан жабрланганларга ёрдам беришнинг янги тартиби**

1-сентабрдан одам савдосидан жабрланганларни аниқлаш ва уларга ижтимоий хизмат кўрсатишнинг янги тартиби жорий этилади. Дастлабки аниқлаш ҳуқуқи “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ихтисослаштирилган муассасалари ва айрим ННТларга берилади. Эҳтимолий жабрланувчиларга моддий аҳволидан қатъи назар, минимал ижтимоий хизматлар пакети бепул кўрсатилади. 1-сентабрдан 1146 қисқа рақамли ишонч телефони орқали жабрланганларнинг мурожаатлари қабул қилиниб, ижтимоий, психологик ва ҳуқуқий маслаҳатлар берилади. Шунингдек, жабрланганларни касбга ўқитиш ва ишга жойлаштириш, болаларни реабилитация қилиш механизмлари йўлга қўйилади. Жабрланган деб топилган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга реабилитация даврида Ўзбекистонда вақтинча бўлиб туриш ҳуқуқи берилади. Бундан ташқари, аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари Аёллар ва болаларни реабилитация қилиш республика маркази деб қайта номланади. Эҳтимолий жабрланувчилар ихтисослаштирилган марказлар хизматларидан бир ойгача, жабрланган деб тан олинганлар эса олти ойгача фойдаланиши мумкин.

**Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан харажатларни қоплаш**

1-сентабрдан Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан хорижий сайёҳларни жалб қилишга қаратилган бир қатор харажатлар қоплаб берилади. Хусусан, 2030-йил охирига қадар хориждан таклиф этиладиган туроператорлар вакилларининг транспорт, яшаш ва овқатланиш харажатларининг бир қисми компенсация қилинади. Шунингдек, маҳаллий туроператорларнинг хориждаги тарғибот тадбирлари харажатларининг 25 фоизигача, бироқ 500 млн сўмдан ошмаган қисми қопланади. Тадбиркорларга сайёҳлар учун маданий-оммавий, консерт-томоша ва бошқа маданий тадбирларни ташкил этиш харажатларининг бир қисмини бир йилгача муддатга молиялаштириш тартиби ҳам жорий этилади.

**Ёнилғи қуйиш шохобчаларида ускуналардан фойдаланиш чекловлари**

2026-йил 1-сентабрдан 2030-йил 1-январга қадар барча турдаги ёнилғи қуйиш шохобчалари ва газ тўлдириш обьектларида, жумладан, ўз эҳтиёжлари учун ёнилғидан фойдаланадиган обьектларда ҳам, хизмат муддати ўтган ёки ишлаб чиқарилган санаси аниқланмаган ортиқча босим остида ишлайдиган ускуналардан фойдаланиш чекланади. Шунингдек, 1-сентабрдан нефт маҳсулотлари, суюлтирилган углеводород гази ва сиқилган газни сақлаш сиғимлари ҳамда уларни тақсимлаш ускуналари бир жойда ёнма-ён жойлаштирилган контейнерларни ўрнатишга фақат белгиланган хавфсизлик талабларига риоя қилинган ҳолда рухсат этилади. Бунда сертификатланган модулли ёнилғи қуйиш шохобчалари, хавфсиз масофалар, мустаҳкам конструксиялар, ёнғинга қарши тўсиқлар ва автоматик авария блокировкалари каби талаблар назарда тутилган.

**Қурилиш соҳасида янги тартиблар**

1-сентабрдан Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида бино-иншоотларнинг ихтисослашишини ўзгартириш, қайта қуриш, реконструксия қилиш ҳамда ўз ҳудудида қўшимча бино-иншоотлар қуришни лойиҳалаштиришга рухсатнома бериш ва архитектура-режалаштириш топшириғини ишлаб чиқиш бўйича давлат хизматлари бирлаштирилиб, ягона давлат хизмати – архитектура ва шаҳарсозлик талабини бериш тизими жорий этилади. Бош режаси рақамлаштирилган аҳоли пунктларида бу талаблар инсон омилисиз, автоматик шакллантирилади. Шу санадан бошлаб қурилиши янгидан бошланадиган айрим обьектларда видеокузатув камераларини мажбурий ўрнатиш талаби ҳам жорий этилади. Бу тадбиркорлар қурадиган кўп квартирали уйлар, ИИИ ва ИВ тоифадаги ижтимоий соҳа, меҳмонхона, туризм, савдо ва саноат обьектлари, шунингдек, буджет маблағлари ҳисобидан қуриладиган қиймати 3 млрд сўмдан юқори обьектларга тааллуқли бўлади.

**Наслчилик хўжаликларига субсидиялар**

2026-йил 1-сентабрдан 2030-йил 1-январга қадар наслчилик хўжаликларига ўстиришга қолдирилган идентификация қилинган урғочи наслдор қорамолларни сақлаш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун субсидия берилади. Субсидия миқдори бузоқнинг олиниши ва сақлаш муддатига қараб белгиланади: биринчи наслдор урғочи бузоқ учун 1,5 млн сўм, иккинчи бузоқ учун 2 млн сўм, 12 ойликкача ва 12−18 ойлик даврларининг ҳар бири учун 1 млн сўмдан ажратилади. Шунингдек, Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги муассислигида сервис корхонаси ташкил этилиб, хориждан йирик ва майда шохли қорамолларни олиб келиш ва хўжаликлар ҳамда аҳолига етказиб бериш билан шуғулланади. Етказиб берилган чорва моллари учун камида 12 ойлик озиқлантириш, ветеринария, сунъий уруғлантириш, наслчилик ва зоотехник хизматларни қамраб олган сервис пакети ҳам тақдим этилади.

**Паррандачилик ва омухта ем ишлаб чиқаришни молиялаштириш**

1-сентабрдан паррандачилик хўжаликлари, парранда омухта еми ишлаб чиқарувчилар ва “тайёр бизнес” лойиҳаларини молиялаштириш учун “Микрокредитбанк” орқали йиллик 10 фоиз ставкада кредитлар ажратилади. Бу шартлар фақат янги расмийлаштириладиган кредит шартномаларига татбиқ этилади. Кредитлар Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан банкка йўналтирилган маблағлар ҳисобидан берилади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.