Ўзбекистонда 1 ноябрдан бошлаб аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш тизими ўзгаради

Ўзбекистонда 1 ноябрдан бошлаб аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш тизими ўзгаради
Ўзбекистонда аҳолига суюлтирилган газ етказиб беришнинг янги тизими жорий этилади. «Ҳудудгазтаъминот» газни биржа орқали сотиб олади ва уни истеъмолчиларга етказиб беради.
ЎзА хабар беришича, бунинг учун компания шафелигида LPG-Trade компанияси ташкил этилмоқда. Янгилик 1 ноябрдан бошлаб кучга киради.
Ҳозирда «Ҳудудгазтаъминот» 3 миллион 730 мингдан ортиқ хонадон ва қарийб 2 мингта ижтимоий соҳа объектини суюлтирилган газ билан таъминламоқда. 2026 йилнинг январь–август ойларида истеъмолчиларга 352,1 минг тонна газ етказиб берилди.
Куз-қиш мавсумига 93 та газ тўлдириш шохобчаси тайёрланиб, 24 минг дона маиший баллон захираси яратилди. 2026–2027 йиллар мавсумида 325,7 минг тонна суюлтирилган газ етказиб бериш режалаштирилган. Шу жумладан, 229 та чекка қишлоқдаги 104,7 минг истеъмолчига 8,2 минг тонна газ етказилади.
Шунингдек, Ўзбекистонда 2027 йил июль ойидан бошлаб энергия тарифларини ҳисоблаш учун рақамли платформа ишга туширилиши хабар қилинган. Ёқилғи-энергетика тармоғини ривожлантириш бўйича янги чора-тадбирларни Президент Шавкат Мирзиёев тасдиқлади. Ҳужжатда давлат органларининг функцияларини қайта кўриб чиқиш ва энергия таъминоти соҳасида бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этиш кўзда тутилган.

