Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Осиё ўйинларини йирик ғалаба билан бошлади
Япониядаги Осиё ўйинлари гуруҳ босқичининг биринчи турида футболчиларимиз Филиппинни 5:1 ҳисобида мағлуб этди.

Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Осиё ўйинларида ишончли старт олди
Япониянинг Нагоя шаҳрида ХХ ёзги Осиё ўйинларининг футбол турнири бошланди.
Гуруҳ босқичининг илк ўйинида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Филиппин билан тўқнаш келди ва 5:1 ҳисобида йирик ғалабага эришди. Голларга Муҳаммадали Ўринбоев, дублга эришган Саидумархон Саиднуруллаев, Рўзибой Файзуллаев ва Муҳаммадали Реимов муаллифлик қилишди.
Гуруҳнинг бошқа бир ўйинида Вьетнам ва Қувайт учрашувни дуранг — 1:1 ҳисобида якунлади.
Бош мураббий Равшан Ҳайдаров қўл остидаги жамоа 2-тур учрашувини 18 сентябрь куни Қувайтга қарши ўтказади.
Осиё ўйинларининг футбол турнирида тўртта гуруҳга бўлинган 15 та жамоа иштирок этмоқда. Ўз гуруҳларида 1 ва 2-ўринларни эгаллаган терма жамоалар плей-офф босқичига йўл олади.
Регламентга кўра, жамоалар таркибидан 23 ёшгача бўлган футболчилар, шунингдек, 23 ёшдан катта бўлган 3 нафар ўйинчи жой олиши мумкин. Ўзбекистон терма жамоаси турнирда 21 ёшгача бўлган таркиб билан иштирок этмоқда. Бундан кўзланган мақсад — Лос-Анжелес — 2028 Олимпиадаси саралашида қатнашадиган жамоанинг зарур тажриба тўплашини таъминлашдир.
Осиё ўйинларининг футбол турнири 1990 йилдан буён ўтказиб келинади. Унда Эрон ва Жанубий Корея 3 мартадан ғолиб чиққан. Бундан ташқари, Ўзбекистон (1994 йилда), Қатар ва Япония олтин медалларни қўлга киритган.

