Ўзбекистон ва Хитой партиялараро ва парламентлараро алоқаларни кенгайтиришга келишиб олдилар
Шавкат Мирзиёев ва Лю Хайсин Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришни муҳокама қилдилар ҳамда партиялараро ва парламентлараро ҳамкорлик бўйича «йўл харитаси»ни тайёрлашга келишиб олдилар.

Ўзбекистон ва Хитой партиялараро ва парламентлараро алоқаларни кенгайтиришга қарор қилди
7 сентябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Коммунистик партияси Марказий Қўмитаси Халқаро алоқалар бўлими мудири Лю Хайсин бошчилигидаги Хитой делегациясини қабул қилди. Учрашув якунларига кўра, томонлар парламентлараро ва партиялараро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича қўшма «йўл харитаси»ни тайёрлашга келишиб олдилар.
Лю Хайсин Шавкат Мирзиёевга ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Томонлар олий даражада эришилган келишувларга мувофиқ, икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик ва амалий шерикликни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Музокаралар давомида барча шароитлардаги ҳар томонлама стратегик шериклик сифатида тавсифланувчи Ўзбекистон-Хитой муносабатларининг юқори даражаси қайд этилди.
Иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Сўнгги йилларда ўзаро товар айирбошлаш ва инвестициялар ҳажми барқарор равишда ошиб бормоқда, шунингдек, Хитойнинг етакчи компаниялари иштирокидаги қўшма лойиҳалар ва корхоналар сони ортмоқда.
Томонлар, шунингдек, парламентлараро ва партиялараро алоқаларни янада мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидладилар.
Бундан ташқари, учрашув иштирокчилари олий ва профессионал таълим соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилдилар. Хусусан, Ўзбекистонда Хитойнинг етакчи олий таълим муассасалари филиалларини очиш муҳимлиги қайд этилди.
Музокаралар якунида Ўзбекистон ва Хитой ўртасида парламентлараро ва партиялараро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган қўшма «йўл харитаси»ни қабул қилиш тўғрисида келишувга эришилди.

