Шавкат Мирзиёев Хитой делегациясини қабул қилди

Шавкат Мирзиёев Хитой делегациясини қабул қилди
Шавкат Мирзиёев 7-сентябр куни Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Халқаро алоқалар бўлими мудири Лю Хайсин бощилигидаги Хитой Халқ Республикаси делегациясини қабул қилди.
Президент матбуот хизматининг хабарига кўра, юқори мартабали меҳмон давлат раҳбарига ХХР раиси Си Сзинпиннинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди. Учрашувда олий даражада эришилган келишувларга мувофиқ, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик ҳамда амалий шерикликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Сўнгги йилларда Ўзбекистон—Хитой барча шароитларда ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатлари юксак даражага кўтарилгани қайд этилди.
Ўзаро товар айирбошлаш ва инвестициялар ҳажми изчил ошиб бораётгани, Хитойнинг етакчи компаниялари иштирокида қўшма лойиҳалар ва корхоналар сони ортаётгани таъкидланди. Парламентлараро ва партиялараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Олий ва касбий таълим соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш, жумладан, мамлакатимизда Хитойнинг етакчи олий таълим муассасалари филиалларини очиш муҳимлиги қайд этилди.
Учрашув якунида томонлар парламентлараро ва партиялараро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича қўшма “йўл харитаси”ни қабул қилишга келишиб олди.
6-сентябр куни Лю Хайсин Самарқандда “Марказий Осиё – Хитой” сиёсий партиялари мулоқоти доирасида “Марказий Осиё – Хитой мамлакатлари ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкамланишида сиёсий партияларнинг ўрни” мавзусида конференсияда иштирок этганди.

