Ўзбекистон ва Қозоғистон "Тоза ҳаво" лойиҳаси доирасида ҳамкорликни йўлга қўяди

Ўзбекистон ва Қозоғистон "Тоза ҳаво" лойиҳаси доирасида ҳамкорликни йўлга қўймоқда
Ўзбекистон ва Қозоғистон "Тоза ҳаво" ташаббуси доирасида ўзаро ҳамкорликни кучайтирмоқда. Музокараларда томонлар атмосфера ҳавоси сифатини яхшилаш ва Давлатлараро консорциумни шакллантириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасида маълум қилинишича, ишчи гуруҳларнинг йиғилиши 23 октябрь куни Остона шаҳрида бўлиб ўтди. Ўзбекистон делегациясига қўмита раиси ўринбосари Искандар Қутбиддинов бошчилик қилди. Унинг таркибига Иқлим ўзгариши миллий маркази, Гидрометеорология хизмати агентлиги ва Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти вакиллари кирди. Қозоғистон томонидан Экология ва табиий ресурслар вазири Алибек Қуантиров иштирок этди.
Томонлар атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, мониторингни такомиллаштириш ва трансчегаравий ифлосланиш манбаларини биргаликда ўрганиш масалаларини кўриб чиқдилар. Саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш воситаси сифатида "Тоза ҳаво" консорциумини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Иштирокчилар 2026–2030 йилларга мўлжалланган йўл харитасини тайёрлаш ва мониторинг маълумотларини тезкор алмашишни ташкил этиш муҳимлигини таъкидладилар. Эришилган келишувларнинг бажарилиши экологик ахборот алмашинуви самарадорлигини ошириш ва трансчегаравий ифлосланиш муаммосини ҳал қилишда мувофиқлаштирилган ёндашувларни ривожлантириш имконини беради.
Бутунмиллий "Тоза ҳаво" лойиҳаси доирасида 2026 йил 1 апрелдан бошлаб Тошкентда янги саноат зоналарини ташкил этишга муддатсиз мораторий жорий этилди. Бундан фақат хизмат кўрсатиш соҳаси ва молия секторига йўналтирилган майдонлар мустасно бўлади.

