Ўзбекистон ва Қозоғистон фармацевтика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Ўзбекистон ва Қозоғистон фармацевтика регуляторлари дори воситаларини рўйхатдан ўтказиш, фармаконазорат, инспекция ва лаборатория фаолияти соҳасида тажриба алмашмоқда.

Ўзбекистон ва Қозоғистон фармацевтика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Ўзбекистон ва Қозоғистон фармацевтика соҳасида идоралараро ҳамкорликни кенгайтирмоқда.
Ўзбекистон Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази делегацияси амалий ташриф билан Қозоғистонда бўлиб турибди, у ерда миллий регулятор тажрибаси билан танишмоқда ва профессионал алоқаларни ривожлантиришни муҳокама қилмоқда.
Ташриф Ўзбекистоннинг Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази ва Қозоғистоннинг Дори воситалари ва тиббий буюмларни экспертиза қилиш миллий маркази ўртасида имзоланган англашув ва ҳамкорлик меморандуми доирасида амалга оширилмоқда.
Остона ва Олмаотадаги учрашувлар чоғида икки мамлакат вакиллари дори-дармонларни давлат рўйхатидан ўтказиш, лицензиялаш, фармаконазорат, рўйхатдан ўтказишдан кейинги назорат, фармацевтика инспекциялари ва лаборатория тадқиқотлари соҳасидаги тажрибалари билан ўртоқлашмоқдалар.
Қозоғистоннинг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти таснифи бўйича миллий тартибга солиш тизимининг учинчи етуклик даражасига (ML3) эришиш тажрибасига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Томонлар халқаро баҳолаш меъёрларини ва Ўзбекистонда илғор тартибга солиш амалиётларини жорий этиш имкониятларини ўрганмоқдалар.
Ўзбекистон делегацияси, шунингдек, Олмаотадаги ЖССТ томонидан дастлабки саралашдан (преквалификация) ўтган Дори воситалари ва тиббий буюмларни экспертиза қилиш миллий маркази синов маркази фаолияти билан ҳам танишади.
Дастурга лабораториянинг сифатни бошқариш тизимини, унинг халқаро стандартлар бўйича ишлашини ва дастлабки саралаш тартибидан ўтиш тажрибасини ўрганиш киритилган.
Тажриба алмашиш миллий регуляторлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, лаборатория фаолиятини такомиллаштириш ва фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги назорати самарадорлигини оширишга қаратилган.

