Ўзбекистон ва Қирғизистон фармацевтика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиради
Ўзбекистон ва Қирғизистон фармацевтика ишлаб чиқаришини, инвестициявий ҳамкорликни, тадқиқотлар ва қўшма лойиҳаларни ривожлантиришга келишиб олдилар.

Ўзбекистон ва Қирғизистон фармацевтика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ниятида. Ўзбекистон Тиббий-фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ва Қирғизистоннинг «Қирғизфармация» давлат корхонаси ўзаро тушуниш тўғрисидаги Меморандумни имзоладилар.
Ҳужжатга кўра, томонлар фармацевтика ва косметика маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ривожлантирадилар, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги инвестициявий ва савдо алоқаларини мустаҳкамлайдилар.
Бундан ташқари, эришилган келишувлар доирасида илмий тадқиқотлар ва инновацион ишланмалар соҳасида тажриба алмашиш, мутахассислар учун семинарлар ва таълим дастурларини ўтказиш, шунингдек, қўшма лойиҳаларни тайёрлаш кўзда тутилган.
Меморандумни Тиббий-фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов ва «Қирғизфармация» давлат корхонаси директори Ақилбек Туратбек уулу имзоладилар.
Ушбу келишувлар икки мамлакат ўртасидаги фармацевтика соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ва қўшма ташаббусларни амалга оширишга қаратилган.

