Ўзбекистон ва Корея миллиардлаб долларлик 120 та лойиҳадан иборат портфелни шакллантирди

Ўзбекистон ва Жанубий Корея умумий қиймати қарийб 4 миллиард долларлик 120 та лойиҳадан иборат портфелни шакллантирди.
Янги ташаббуслар Сеулда Ўзбекистон Президенти иштирокида ўтказилган Ўзбекистон-Корея бизнес-форуми доирасида муҳокама қилинди. Форумда икки мамлакат давлат тузилмалари ва бизнесининг 300 дан ортиқ вакиллари, жумладан, йирик саноат корхоналари, савдо компаниялари ва молиявий ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.
Асосий эътибор инвестициявий ва технологик ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилди. Ўзбекистон янги ишлаб чиқаришларни ва қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш учун ўзининг ресурс базасини, Корея технологияларини ҳамда икки мамлакат компаниялари капиталини бирлаштиришни таклиф қилди.
Истиқболли йўналишлар саноат, энергетика, транспорт инфратузилмаси, рақамли технологиялар, микроэлектроника, биотехнологиялар ва бошқа соҳаларни қамраб олади. Ўзбекистон, шунингдек, ҳар бир лойиҳани амалга ошириш учун зарур шароитларни яратишга тайёрлигини маълум қилди.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Жанубий Корея алоҳида стратегик шерикликни янги босқичга олиб чиқишга келишиб олгани таъкидланди.

