Ўзбекистон ва Абу-Даби АПК соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилди
Ўзбекистон элчиси Умид Шадиев ADAFSA билан музокаралар ўтказди. Томонлар Ўзбекистон маҳсулотларини БААга етказиб беришни ривожлантириш бўйича ишчи гуруҳ тузишга келишиб олдилар.

Ўзбекистон ва Абу-Даби агросаноат мажмуида ҳамкорликни муҳокама қилди
Ўзбекистон ва Абу-Даби қишлоқ хўжалиги ҳамда озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, БАА бозорига Ўзбекистон маҳсулотларини етказиб беришни кенгайтириш учун қўшма ишчи гуруҳ тузишга келишиб олди.
Бундай қарор Ўзбекистон элчиси Умид Шадиевнинг Абу-Даби Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги бошқармаси (ADAFSA) раҳбарияти билан учрашувида қабул қилинди.
Музокаралар давомида томонлар агросаноат секторига инвестицияларни жалб қилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлашни ривожлантириш ва уларнинг Бирлашган Араб Эмирликларига экспортини ошириш масалаларини кўриб чиқдилар.
Ўзбекистон томони эмирлик ҳамкорларини қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, замонавий агросаноат кластерларини ташкил этиш ҳамда маҳсулотларни сақлаш ва қайта ишлаш инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар билан таништирди.
Озиқ-овқат маҳсулотларининг халқаро сифат ва хавфсизлик стандартларини жорий этиш, экспортга йўналтирилган товарлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва логистикани такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув доирасида истиқболли инвестиция лойиҳалари, жумладан Surxon Agro замонавий агросаноат кластерини ташкил этиш ҳам тақдим этилди.
ADAFSA ва Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги мутахассислари иштирокида тузилаётган ишчи гуруҳ БАА бозорида харидоргир бўлган Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари турларини аниқлаш билан шуғулланади.
Унинг иштирокчилари етказиб беришнинг мумкин бўлган ҳажмлари, уларга қўйиладиган талаблар ва эмирлик бозорига кириш шартларини ўрганадилар, шунингдек, муқобил транспорт-логистика йўналишларини ишлаб чиқадилар.
Бундан ташқари, ADAFSA кўмагида агросаноат ва озиқ-овқат секторларида фаолият юритаётган БААнинг етакчи компаниялари вакилларидан иборат делегациянинг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш режалаштирилмоқда.

