Ўзбекистон Токиониң Сибуя чорраҳасида ўз сайёҳлик салоҳиятини намойиш этмоқда

Ўзбекистон Токионинг Сибуя чорраҳасида ўз сайёҳлик жозибадорлигини намойиш этди
Японияда ташкил этилган Мустақиллик ҳафталиги тадбирлари доирасида Токиодаги Сибуя чорраҳасидаги йирик ташқи реклама экранида намойиш этилган тарғибот видеороликлари орқали Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти тақдим этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.
Ушбу кампания Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси томонидан ташкил этилиб, ундан кўзланган мақсад Япония пойтахти аҳолиси ва меҳмонларига мамлакатнинг сайёҳлик йўналишлари, маданий мероси ва ривожланиши ҳақида маълумот беришдан иборат эди. Тарғибот материалларида Ўзбекистоннинг тарихий ва маданий мероси, қадимий шаҳарлари, замонавий шаҳар ҳудудлари, меъморий обидалари ва диққатга сазовор жойлари ёритилди. Видеороликларда, шунингдек, мамлакат бўйлаб саёҳат қилиш ва ҳордиқ чиқариш имкониятлари ҳам тақдим этилди.
Тарғибот тадбирлари доирасида Ўзбекистондаги сўнгги ислоҳотлар ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳақидаги маълумотлар ҳам ўрин олди. Сайёҳлик тарғиботи Сибуя чорраҳасидаги рақамли экран билангина чекланиб қолмади. Японияда яшовчи Ўзбекистон фуқаролари, япониялик иштирокчилар ва Ўзбекистоннинг маданият бўйича фахрий элчиси Машу Комазаки иштирокида флешмоб ўтказилди.
Ушбу тадбир Япония жамоатчилигига Ўзбекистоннинг маданий мероси, сайёҳлик ресурслари ва бугунги ривожланишини тақдим этиш учун яна бир платформа бўлди.
9 сентябрь куни Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон–Япония ва Япония–Ўзбекистон қўмиталарининг 18-йиғилиши бўлиб ўтди. Унга Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қўдратов ҳамда Япония–Ўзбекистон қўмитаси раиси, «Mitsubishi Corporation» президентининг катта корпоратив маслаҳатчиси Масаюки Танимото ҳамраислик қилди.

