Дунё

Ўзбекистон ТИВ Ар-Риёддаги аеропортга қилинган ҳужумни қоралади

Ўзбекистон ТИВ ҳусийчиларнинг Саудия Арабистони пойтахтидаги халқаро аеропортга йўллаган ракета зарбасини «қатъий қоралади». Зарба оқибатида камида 12 киши ҳалок бўлиб, 300 дан ортиқ киши жароҳатланган. «Тинч аҳолига ва фуқаролик инфратузилмасига ҳужумлар халқаро ҳуқуқ нормаларини жиддий бузишдир ва зудлик билан тўхтатилиши шарт», – дейилади баёнотда.

**Ўзбекистон ТИВ Ар-Риёддаги аеропортга уюштирилган ҳужумни қоралади**

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Ар-Риёд шаҳридаги подшоҳ Холид номидаги халқаро аеропортга ҳусийчилар томонидан амалга оширилган, бегуноҳ инсонлар ҳалок бўлиши ва тинч аҳоли вакиллари жароҳатланишига сабаб бўлган даҳшатли ҳужумдан чуқур қайғуда эканини маълум қилди ҳамда ушбу ҳужумни кескин қоралаб баёнот берди.

Шанба куни Саудия Арабистонидаги халқаро аеропортга берилган ракета зарбаси оқибатида 12 киши ҳалок бўлиб, 310 киши жароҳат олган. Ўнлаб ярадорларнинг аҳволи оғир экани айтилмоқда. Қурбонлар орасида Саудиядан ташқари АҚШ, Миср, Иордания, Фаластин, Сурия ва Судан фуқаролари ҳам бор.

Тҳе Нев Ёрк Тимес нашри ёзишича, бу АҚШ ва Исроил Эронга қарши уруш бошлашидан кейинги даврда минтақадаги араб давлатига қилинган энг ҳалокатли ҳужум бўлди. Икки кун олдин, 8-октабрда ҳам ушбу аеропортга дрон зарбаси оқибатида уч киши, жумладан, Саудиа авиакомпанияси учувчиси ҳалок бўлиб, бир неча киши жароҳат олган, аеропорт ҳудудида турган самолёт ёниб кетганди.

«Ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдирамиз, ушбу фожиали воқеа оқибатида жабрланганларга чуқур ҳамдардлик изҳор этамиз. Жароҳат олганларнинг тезроқ ва тўлиқ соғайиб кетишини тилаймиз. Шунингдек, Саудия Арабистони подшоҳлигининг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва хавфсизлигини қатъий қўллаб-қувватлашимизни яна бир бор тасдиқлаймиз.

Тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмаси обьектларига ҳужумлар халқаро ҳуқуқ нормаларининг жиддий бузилиши ҳисобланади ва бундай ҳаракатлар зудлик билан тўхтатилиши шарт. Тинч аҳоли ҳаётини ҳимоя қилиш ва муҳим инфратузилма обьектлари хавфсизлигини таъминлаш сўзсиз устувор вазифа бўлиб қолиши лозим», – дейилади ТИВ баёнотида.

Вазирлик бундай ҳужумларни «зудлик билан тўхтатишга» чақирган: «Барча томонларни вазминлик кўрсатишга, кескинликнинг янада авж олишига йўл қўймасликка, келишмовчиликларни халқаро ҳуқуқ нормалари ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низоми тамойилларига мувофиқ, мулоқот ва дипломатик воситалар орқали ҳал этишга қатъий даъват этамиз».

«Ўзбекистон Республикаси биродар Саудия Арабистони подшоҳлиги халқи ва Ҳукумати билан бирдамлигини изҳор этади ҳамда минтақада тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди», дея қўшимча қилган Ўзбекистон ТИВ.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.