Ар Риёд аеропортида ҳусийлар авиазарбалари сабаб рейслар бекор қилинди ёки кечиктирилди

Ар Риёд аеропортида ҳусийлар ҳужумлари сабаб рейслар бекор қилинди ёки кечиктирилди
Саудия Арабистони пойтахти Риёд халқаро аеропорти яқинида 19-сентябр куни қора тутун ва аланга кўтарилди. Саудия расмийлари ҳаво хавфи бўйича огоҳлантириш берди. Бир неча соат ўтиб, аеропортда рейслар бекор қилингани ва кечикаётгани маълум қилинди. Бунга Яман ҳусийларининг баллистик ракеталар учиргани сабаб бўлгани айтилмоқда.
Воқеа жойидаги журналистнинг айтишича, ўт ўчирувчилар аеропорт яқинидаги ёнаётган ёнилғи бакидаги оловни ўчиришга уринаётган эди. Бу бакда Саудия Арабистонининг Арамсо нефт компанияси логотипи борлиги аниқланган.
Узилишлар Саудия расмийлари кечаси эълон қилган ҳаво хавфидан кейин юз берди. Бу сентябр ойида қўшни ҳусийлар ҳужумлари кучайганидан бери берилган илк огоҳлантиришдир. Эрталабки огоҳлантиришдан бир неча соат ўтиб, аҳоли Саудия пойтахтининг айрим қисмларида портлаш товушлари эшитилганини билдирди.
“Аеропорт томонда қора тутун ва ёнғинни кўрдик”, деди исмини ошкор қилмаган аҳоли вакилларидан бири.
Ямандаги кўп йиллик фуқаролар уруши қайта бошланганидан бери можаро биринчи марта Саудия пойтахтига хавф солмоқда.
“Ҳудуд душман таҳдиди остида”, дейилади тунги соат 3:00 атрофида Ар Риёд аҳолисига юборилган ва уларни уйда қолишга чақирган хабарда.
Шундан сўнг журналистлар иккита портлаш овозини эшитганини маълум қилди. Ярим соат ўтиб, Саудия фуқаро муҳофазаси агентлиги ҳаво хавфини бекор қилди.
“Мен тревога овозини эшитдим, кейин деразаларим титраб кетди. Бу ҳақиқатан ҳам қўрқинчли эди. Буни кутмагандим”, деди шаҳар шимолида яшовчи 27 ёшли фуқаро.
Яна бир резидент ҳужумни даҳшатли деб таърифлади.
“Мен жуда хавотирда эдим. Чунки олдинги сафарлардан фарқли ўлароқ, хавф ўтиб кетгани ҳақидаги сигнал дарҳол берилмади”, деди Ар Риёд марказида яшовчи фуқаро.

