Ўзбекистон Саудия Арабистонига қилинган ҳужумларни қоралади
Ўзбекистон сўнгги кунларда Саудия Арабистони ҳудудига уюштирилган ҳужумларни ва халқаро кема қатновига таҳдид солувчи ҳаракатларни кескин қоралашини билдирди.

Ўзбекистон Саудия Арабистонига уюштирилган ҳужумларни қоралади
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Саудия Арабистони ҳудудига ракета ва дронлар билан қилинган ҳужумлар юзасидан чуқур хавотирини билдирди.
“Тинч аҳолига, фуқаролик ва энергетика инфратузилмаси обьектларига қарши куч ишлатиш билан боғлиқ, шунингдек, минтақа давлатлари хавфсизлиги ва халқаро кема қатновига таҳдид солувчи ҳар қандай ҳаракатларни кескин қоралаймиз.
Халқаро ҳуқуқ нормаларига, жумладан, давлатларнинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш тамойилларига қатъий риоя этилиши зарур, деб ҳисоблаймиз.
Юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш фақат сиёсий-дипломатик воситалар орқали, мулоқот ва ўзаро ҳурмат асосида амалга оширилиши лозим.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва минтақа давлатларининг Яқин Шарқда кескинликни юмшатиш, можаронинг янада кенгайишининг олдини олиш ва барқарор тинчлик ўрнатишга қаратилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаймиз”, – дейилади ТИВ баёнотида.
8-сентабр куни Ямандаги ҳусийчилар Саудия Арабистонининг жанубий ҳудудларига баллистик ракеталар ва дронлар билан йирик ҳужумлар уюштирди. Абҳа, Жизон, Нажрон ва Ҳамис-Мушайтдаги энергетика ва иқтисодий обьектлар нишонга олинган.
Ҳужумлар оқибатида 70 дан ортиқ киши жароҳатланган. Жизондаги нефт-газ обьектларида ёнғинлар чиққан. Бу 2022-йилдаги Саудия–ҳусийчилар сулҳидан кейинги энг жиддий эскалациялардан бири ҳисобланади.
Шунингдек, 11–12-сентабр кунлари Саудия Шарқ-Ғарб қувурлар тармоғи — мамлакат шарқидаги нефт конларини Қизил денгиздаги Янбу порти билан боғловчи стратегик қувурга бир нечта дрон ҳужуми қилинганини маълум қилди.
Саудия маълумотига кўра, дронлар Ироқ ҳудудидан учирилган. Ҳужум натижасида одамлар жароҳатланган ва қувурга зарар етган. Саудия ҳозирча жавоб зарбаси бермаслигини, Ироқ ҳукуматига чора кўриш имконини беришини билдирди. Бу қувур Ҳўрмуз бўғози атрофидаги вазият сабаб Саудия нефтини Қизил денгиз орқали экспорт қилишнинг муҳим муқобил йўли бўлиб қолаётганди.

