Сиёсат

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашувидаги нутқи

Президент ўз нутқида савдо-иқтисодий ҳамкорлик, саноат кооперацияси, транспорт, энергетика, сув ресурслари ва рақамли технологиялар соҳаларидаги устувор вазифаларга тўхталиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат бошлиқларининг саккизинчи Маслаҳат учрашувидаги нутқи

Ҳурматли Сердар Гурбангулиевич!

Ҳурматли ҳамкасблар!

Туркманистон Президенти, ҳурматли Сердар Гурбангулиевич Бердимуҳамедовга самимий қабул ва учрашувимиз юқори даражада ташкил этилгани учун билдирилган миннатдорлик сўзларига қўшиламан.

Биз яна Каспий соҳилида, Авазада тўпландик.

Ва бугунги учрашув алоҳида аҳамиятга эга, чунки у илк бор биродар Озарбайжон иштирокида ўтмоқда.

Туркманистоннинг раислигини алоҳида қайд этишни истардим.

Ушбу йил давомида биз минтақавий ҳамкорликда сезиларли даражада олдинга силжишга ва кўплаб муҳим масалалар бўйича аниқ келишувларга эришишга муваффақ бўлдик.

Кўп йиллар давомида мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлашга улкан шахсий ҳисса қўшиб келаётган туркман халқининг Миллий Етакчиси, ҳурматли Гурбангули Маликгулиевич Бердимуҳамедовга алоҳида миннатдорлик билдираман.

Ҳурматли делегация раҳбарлари!

Сўнгги йилларда Марказий Осиё сезиларли даражада ўзгарди. Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар муҳитининг ўзи ҳам ўзгарди.

Биз тез-тез учрашадиган, масалаларни очиқ муҳокама қиладиган, ечимлар топадиган ва бир-биримизни қўллаб-қувватлайдиган бўлдик.

Бунда бизнинг Маслаҳат учрашувларимиз катта роль ўйнади.

Ушбу форматни ташкил этар эканмиз, биз оддий бир ҳақиқатдан келиб чиққан эдик: Марказий Осиёнинг фаровонлиги ва хавфсизлиги бевосита давлатларимиз ўртасидаги ишончга боғлиқ.

XXI асрда Марказий Осиёни ривожлантириш йўлидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани имзолаш тартиб-таомилларининг якунланиши тарихий воқеа бўлди.

Шу билан бирга, биз мураккаб ва оғир тузилмаларни яратишга интилмаяпмиз.

Бизга кучли, суверен ва мустақил давлатлар ўзаро ҳурмат, ишонч ва прагматизм асосида ҳамкорлик қиладиган мослашувчан ва тушунарли формат зарур.

Айнан шундай ёндашув аллақачон ўз натижасини берди.

Минтақа халқаро майдонда анча ишончли ва сезиларли даражада намоён бўлмоқда.

Бундан «Марказий Осиё плюс» форматларига бўлган қизиқишнинг ортиб бораётгани, шунингдек, ташқи шерикларимиз доирасининг изчил кенгайиб бораётгани ҳам далолат беради.

Ҳурматли ҳамкасблар!

Бизнинг яқинлашувимиз мураккаб даврда юз бермоқда.

Дунё шиддат билан ўзгармоқда, кескинлик кучаймоқда, савдо ва транспорт алоқалари қайта шаклланмоқда, янги хавф-хатарлар пайдо бўлмоқда.

Бундай вазиятда ҳаракатларимизни янада жипсроқ мувофиқлаштириш алоҳида аҳамият касб этади.

Келгусидаги биргаликдаги ишлар учун алоҳида муҳим деб ҳисоблайдиган бир нечта йўналишни белгилаб ўтмоқчиман.

Биринчи.

Биз Марказий Осиё ва қўшни минтақалар ўртасидаги ҳамкорликнинг навбатдаги босқичини белгилаб олишимиз зарур.

Моҳиятан, биз йўлга қўйилган тарихий, иқтисодий ва транспорт алоқаларига эга ягона ҳамкорлик маконини барпо этишимиз мумкин.

Бугун уларни сезиларли даражада мустаҳкамлаш ва аниқ мазмун билан тўлдириш имконияти пайдо бўлмоқда.

Гап мамлакатларимиз биргаликда савдо, транспорт, энергетика, саноат ва янги технологияларни ривожлантириши мумкин бўлган катта макон ҳақида бормоқда.

Ушбу масалаларни келгуси йили Тошкентда ўтказадиган «Тинчлик ва барқарор ўзаро боғлиқлик йўлида минтақалараро мулоқот: Марказий Осиё ёндашуви» халқаро конференциясида батафсил муҳокама қилишни таклиф этамиз.

Иккинчи.

Минтақавий мулоқотимиз асосини ташкил этувчи пойдеворни мустаҳкамлаш зарур.

Марказий Осиё давлат бошлиқларининг Маслаҳат учрашувлари фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш устидаги ишларни давом эттиришни таклиф қиламиз.

Шу билан бирга, ҳужжатларнинг сони ўз-ўзидан ҳеч нарсани ҳал қилмайди.

Қабул қилинган қарорларнинг бажарилиши ва биз уларни қабул қилишдан кўзлаган натижаларни бериши анча муҳимроқдир.

Учинчи.

Иқтисодий ҳамкорлик янги босқичга чиқиши керак.

Биз ўзаро савдо ва инвестицияларни кўпайтириш бўйича ўз олдимизга жиддий мақсадларни қўйдик. Энди ушбу ўсиш ниманинг ҳисобига таъминланишини белгилаб олишимиз зарур.

Биринчи навбатда, гап йирик лойиҳаларни тезроқ ишга тушириш имконини берувчи қўшма саноат ва технологик занжирлар, умумий рақамли сервислар ва инвестиция механизмлари ҳақида бормоқда.

Бу борада 2035 йилгача бўлган даврда Савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг кенг қамровли минтақавий дастурига муҳим роль ажратилади. У минтақанинг асосий устуворлиги — умумий географиямиздан фойдаланишга ёрдам берадиган амалий воситага айланиши лозим.

Бунинг учун савдодаги тўсиқларни изчил бартараф этиш, саноат кооперациясини кенгайтириш ва кўпроқ қўшма лойиҳаларни ишга тушириш зарур. Биз оддий ўзаро савдонинг ўзи етарли бўлмаган босқичга етиб келдик. Биргаликда тайёр маҳсулот яратишимиз керак.

«Олтита иқтисодиёт – битта маҳсулот» деган лўнда формула биз интилишимиз керак бўлган мақсаднинг моҳиятини яққол ифодалайди.

Бир нечта мамлакат корхоналари ягона ишлаб чиқариш занжирида иштирок этганда, маҳсулот биргаликда яратилганда, иқтисодиётларимиз ўртасида мутлақо бошқача алоқалар пайдо бўлади. Улар оддий товар айирбошлашдан кўра анча мустаҳкамроқдир.

Ушбу йўналишни ривожлантириш учун 2027 йилда қадимий Хива шаҳрида Марказий Осиё ва Озарбайжон бизнес-форумини ўтказишни таклиф қиламиз.

Шу билан бирга, қўшма инвестиция лойиҳаларини молиявий-техник кузатиб бориш бўйича махсус Платформа яратишни муҳим деб ҳисоблайман.

Йирик ғоялар нафақат инвестицияларни, балки жиддий тайёргарлик, экспертиза, тушунарли молиявий воситалар ва кузатувни ҳам талаб қилади.

Савдо ва инвестициялар вазирлари кенгашига Ашхободдаги навбатдаги йиғилишда ушбу масалани батафсил кўриб чиқишни топширишни таклиф қиламан.

Тўртинчи.

Мамлакатларимизни замонавий транспорт ва логистика тармоғи билан боғлашимиз зарур.

Биз глобал савдонинг асосий қуруқликдаги йўналишларидан бирига ва шу билан бирга, иқтисодий фаолликнинг йирик марказига айланишимиз мумкин. Аммо бунинг учун фақатгина автомобиль ва темир йўллар қуришнинг ўзи кифоя қилмайди.

Транспорт инфратузилмасини ривожлантиришнинг умумий логикаси зарур.

Йўналишлар бир-бирини давом эттириши ва ягона тизим сифатида ишлаши учун йирик лойиҳаларни ўзаро мувофиқлаштириш керак.

Янги транспорт йўлаклари бўйлаб ишлаб чиқаришлар, логистика ва сервис объектлари, индустриал зоналар барпо этилиши лозим.

Шунда транспорт йўналиши ўз атрофида иқтисодиётни яратади ва у ўтадиган ҳар бир давлат учун анча катта самара беради.

Мувофиқлаштиришни таъминлаш учун Инфратузилмани ривожлантириш бўйича кенгаш тузишни тезлаштиришни таклиф этамиз. Кенгашнинг биринчи йиғилишини Ўзбекистонда ўтказишга тайёрмиз.

Умумий кун тартибида энергетика алоҳида ўрин тутади.

Минтақамиз турли ресурсларга эга. Углеводородларнинг сезиларли захиралари ва гидроэнергетика, қуёш ва шамол генерациясининг катта салоҳияти мавжуд.

Айнан мана шу хилма-хиллик мамлакатларимизга бир-бирини тўлдириш имконини беради.

Ундан оқилона фойдаланиш ва минтақа энергетикасини ривожлантиришни мажмуавий тарзда кўриб чиқиш зарур.

Бунда «яшил» энергетика тобора катта роль ўйнайди.

Паст углеродли энергетика салоҳиятининг қўшма концепциясини тайёрлашни таклиф қиламиз. У янги генерация қувватларини қуриш, замонавий энергия сақлаш тизимларини ривожлантириш ва янги энергия йўлакларини яратишни яхшироқ мувофиқлаштириш имконини беради.

Биргаликда қарор қабул қилишни талаб этадиган яна бир йўналиш — бу сув ва иқлим ўзгаришидир.

Сув ресурслари тақчиллиги Марказий Осиё ривожланиши учун тобора жиддий чекловга айланиб бормоқда. Иқлим ўзгармоқда, аҳоли сони ортмоқда, қишлоқ хўжалиги ва инфратузилмага тушадиган юклама кўпаймоқда.

Шу болатдан, бизда қанча сув борлиги ва ундан қандай фойдаланилаётганини аниқроқ тушунишимиз зарур.

Замонавий рақамли мониторинг тизимлари, ирригация тармоқларини модернизация қилиш ва сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш керак.

Бугунги кунда сувнинг катта миқдорда йўқотилиши минтақамизга жуда қимматга тушмоқда.

Айнан шу боис Марказий Осиёда сувдан оқилона фойдаланиш бўйича Амалий ҳаракатлар ўн йиллиги тўғрисидаги умумий ташаббусимизни тўлиқ ҳажмда амалга ошириш муҳимдир.

Келгуси йилдан бошлаб Ўзбекистон Оролни қутқариш халқаро жамғармасига раисликни қабул қилади.

Биз ушбу миссияни катта масъулият деб биламиз.

Раислик даврида Жамғарма фаолиятини янада самарали қилиш, янги экологик лойиҳаларни ишга тушириш ва қўшимча молиялаштиришни жалб этишни ният қилганмиз.

Сув ресурсларидан фойдаланиш масалалари бўйича Афғонистон билан мулоқотга алоҳида эътибор қаратиш зарур. Ушбу мулоқот минтақадаги барча мамлакатлар манфаатларини албатта ҳисобга олган ҳолда, доимий ва тизимли бўлиши лозим.

Шаҳарларимизнинг энг кўзга ташланадиган муаммоларидан бири ҳавонинг ифлосланиши бўлиб бормоқда.

Яқинда Ўзбекистон «Марказий Осиёнинг тоза ҳавоси» халқаро консорциумини ташкил этишни таклиф қилди. Унинг фаолиятини аниқ қўшма лойиҳадан: мамлакатларимизнинг саноат зоналари, агрокластерлари ва транспорт узелларини экологик модернизация қилиш бўйича пилот Дастуридан бошлаш мумкин. Бу муаммони муҳокама қилишдан атроф-муҳитга юклама айниқса юқори бўлган жойларда амалий ишларга ўтиш имконини беради.

Аҳамияти шиддат билан ортиб бораётган яна бир мавзу — бу критик минераллардир.

Мамлакатларимиз замонавий саноат, энергетика ва янги технологиялар учун зарур бўлган хомашёнинг сезиларли захираларига эга.

Бу борада биз ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишимиз муҳим.

Ўзбекистон ташаббуси билан ташкил этилган Критик минераллар бўйича минтақавий альянсни яратиш ишларини фаоллаштиришни таклиф этамиз.

Илк қадамлардан бири Марказий Осиёнинг критик минераллар захираларининг ягона рақамли харитаси бўлиши мумкин.

Бундай ресурс минтақа салоҳияти ҳақида тўлиқроқ тасаввур беради ва халқаро инвесторларга мамлакатларимиз ушбу йўналишни биргаликда ривожлантиришга тайёр эканини кўрсатади.

Навбатдаги йирик масалалар блоки технологик ривожланиш билан боғлиқ.

Сунъий интеллект ва катта маълумотлар билан ишлаш аллақачон саноат, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги, таълим ва давлат бошқарувини ўзгартирмоқда.

Иқтисодиётларимизнинг маҳсулдорлиги ва уларнинг келажакда рақобатлаша олиш қобилияти кўп жиҳатдан ушбу технологияларга боғлиқ бўлади.

Шу билан бирга, рақамли лойиҳалар кўпинча йирик инфратузилма қурилишига қараганда тезроқ натижа бериш имконини беради.

Шу боис, мамлакатларимиз имкониятларини бирлаштиришни ва Умумий ҳисоблаш инфратузилмасини яратишни бошлашни таклиф қиламиз. Миллий дата-марказларнинг ўзаро боғлиқ тармоғи унинг асоси бўлиши мумкин. Бу ҳисоблаш қувватларидан самаралироқ фойдаланиш, хусусий рақамли маҳсулотларни ривожлантириш ва сунъий интеллект соҳасидаги йирик лойиҳалар учун шароитлар яратиш имконини беради.

Бироқ фақат инфратузилманинг ўзи етарли эмас. Бизга мутахассислар, илмий тадқиқотлар ва кучли технологик компаниялар керак.

Шу боис, соҳа кадрларини тайёрлаш бўйича қўшма дастурларни ишга туширишни, илмий лойиҳаларни қўллаб-қувватлашни ва технологик тадбиркорлик учун кўпроқ имкониятлар яратишни таклиф этамиз.

Ва ниҳоят, минтақамиз келажаги учун энг муҳим масалалардан бири — бу одамлардир.

Мамлакатларимиз катта демографик салоҳиятга эга.

Аҳоли сони ўсмоқда, ёшлар кўпаймоқда ва минтақа иқтисодиёти ўн, йигирма, ўттиз йилдан кейин қандай бўлиши кўп жиҳатдан айнан уларнинг таълими ва касбий тайёргарлиги сифатига боғлиқ бўлади.

Шу боис, таълим ва ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамкорлигимизда алоҳида ўрин тутиши лозим.

Эртага иқтисодиётларимизга қандай мутахассислар керак бўлишини яхши тушунишимиз зарур.

Бунинг учун Истиқболли касблар ва компетенциялар минтақавий атласини ишлаб чиқишни таклиф этамиз.

Унда мамлакатларимизнинг бугуннинг ўзидаёқ мутахассислар тақчиллиги сезилаётган ва яқин йилларда талаб ортиб борадиган йўналишлар бўйича прогнозларини бирлаштириш мумкин. Бу университетлар ва касб-ҳунар таълими муассасаларига иқтисодиётнинг реал эҳтиёжларини олдиндан ҳисобга олиш имконини беради.

Истиқболда биз минтақанинг бир нечта мамлакатларида бир вақтнинг ўзида амалга оширилаётган аниқ йирик лойиҳалар учун ҳам кадрлар тайёрлашимиз мумкин бўлади.

Шу тариқа таълим саноат, транспорт, энергетика, рақамли технологиялар ва бошқа соҳалар ривожи билан бевосита боғланади.

Ҳурматли давлат раҳбарлари!

Сўнгги йилларда биз кўп нарсага эришишга муваффақ бўлдик. Энди ушбу ўзгаришларни мустаҳкамлаш ва ҳамкорлигимизни ўнлаб йиллар олдинга барқарор қилиш муҳимдир.

Формула оддий: тараққиёт ва хавфсизлик йўлида — бирдамлик ва ишонч.

Биз кейинги авлодларга қандай минтақани қолдиришимиз учун масъулмиз. У тинч, хавфсиз, иқтисодий жиҳатдан кучли бўлиши ва одамларга муносиб яшаш, ишлаш, ўқиш ва фарзандларни тарбиялаш имкониятини бериши лозим.

Озарбайжонни Маслаҳат учрашувида раисликни қабул қилгани билан табриклаймиз.

Озарбайжон томони раҳбарлигида форматимиз доирасидаги ишлар қўшимча суръат олишига, биродарлик ҳамкорлиги эса бирлик, ишонч ва бирдамликни мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонамиз.

Сўзимнинг якунида, ҳурматли Сердар Гурбангулиевич Бердимуҳамедовга самимий қабул ва меҳмондўст туркман заминида учрашувимиз юқори даражада ташкил этилгани учун яна бир бор чин дилдан миннатдорлик билдираман.

Эътиборингиз учун раҳмат.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.