Ўзбекистон Президенти Туркий давлатлар ташкилотига учинчи мамлакатлар билан ҳамкорликни бошлашни таклиф қилди
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилотига учинчи мамлакатлар билан «ТДТ плюс» форматидаги ҳамкорликни соҳа вазирларининг учрашувларидан бошлашни таклиф қилди. У ушбу учрашувлар савдо, транспорт ва инвестициялар соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қаратилиши кераклигини таъкидлади.

Ўзбекистон Президенти Туркий давлатлар ташкилотига учинчи мамлакатлар билан ҳамкорликни бошлашни таклиф қилди
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилотининг (ТДТ) учинчи мамлакатлар билан ҳамкорлигини бошлаш ташаббусини илгари сурди.
«Ташкилотнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори, жумладан, ташқи шериклар билан очиқ ва ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш қобилиятига боғлиқ. Шу мақсадда, соҳа вазирларининг учрашувларидан бошлаб, „Туркий давлатлар ташкилоти плюс“ форматида учинчи мамлакатлар билан ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф этаман», — деди Шавкат Мирзиёев 30 октябрь куни Анкарада бўлиб ўтган ТДТ саммитида.
Президентнинг сўзларига кўра, бундай учрашувлар савдо, транспорт, инвестициялар ва бошқа устувор йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган бўлиши керак.
Давлат раҳбари Глобал ривожланишнинг таъсирчан марказига айланиб бораётган ТДТни Ўзбекистон ўзаро ишонч ва амалий шериклик майдони сифатида кўришини таъкидлади.
«Стратегик мақсадларимиз атрофида янада жипслашишимиз ва халқаро майдонда умумий манфаатларимизни биргаликда илгари суришимиз зарур. Биз ушбу эзгу йўлда ягонамиз ва туркий тилакдошлик йўлида куч-ғайратимизни сафарбар этишга тайёрмиз», — деди у.
Президент, шунингдек, ташкилот доирасида халқаро ва минтақавий масалалар бўйича мунтазам сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказиш, шунингдек, ёндашув ва саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш муҳимлигини таъкидлади.

