Ўзбекистон президенти Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг Бишкекда ўтаётган навбатдаги йиғилишида нутқ сўзлади.
Маъруза аввалида Шавкат Мирзиёев Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровга самимий қабул ва саммитни юксак даражада ташкил этгани учун миннатдорлик билдириб, қардош қирғиз халқини давлат суверенитетининг 35 йиллиги билан самимий табриклади.

Ўзбекистон Президенти Бишкекда бўлиб ўтаётган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида нутқ сўзлади.
Президент ўз нутқида шундай деди:
"Ҳурматли мажлис иштирокчилари!
Қирғизистоннинг ШҲТга раислиги даврида эришилган самарали натижаларни юксак баҳолаймиз ҳамда бугунги мажлис кун тартиби ва қарорлар лойиҳаларини қўллаб-қувватлаймиз.
Ушбу саммит ШҲТ ташкил этилганининг 25 йиллиги нишонланаётган йилда ўтказилмоқда.
Ҳамкасбларимнинг ўтган чорак аср давомида ушбу ташкилот ўзининг зарурлиги ва самарадорлигини намоён этди деган фикрларига тўлиқ қўшиламан.
Ташкилот “Шанхай руҳи” тамойилларига амал қилган ҳолда, тенг ҳуқуқли мулоқотни таъминлади, минтақавий барқарорлик ва мамлакатларимизнинг барқарор ривожланишига кўмаклашди.
Ўзбекистон ШҲТ ташкил этилган дастлабки кунлардан бошлаб унинг очиқ, блоклардан холи ва тинчликсевар ҳамкорлик платформаси сифатида мустаҳкамланишини изчил қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Биз ҳамкорлигимиз марказида ШҲТнинг географик ва стратегик ўзаги бўлган Марказий Осиё турганини алоҳида қадрлаймиз.
Ҳурматли ҳамкасблар!
Учрашувимиз геосиёсий бўлиниш, ишонч тақчиллиги ортиб бораётган, можаролар кескинлашаётган ва халқаро ҳуқуқ емирилаётган бир даврда ўтмоқда.
Яқин Шарқдаги вазиятнинг ривожи алоҳида ташвиш уйғотмоқда.
Биз минтақада мулоқотни қайта тиклаш ва кескинликни юмшатишнинг қатъий тарафдоримиз.
Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
ШҲТ олдида турган энг долзарб вазифаларга тўхталиб ўтмоқчиман.
Бугунги кунда нафақат юзага келаётган муаммоларни самарали ҳал этиш, балки узоқ муддатли истиқболда Ташкилотни қандай ҳолда кўришни исташимизни аниқ тасаввур қилишимиз ҳам муҳимдир.
Давлатларимизнинг рақобатбардошлиги уларнинг салоҳиятларини бирлаштириш ва биргаликда ривожланиш учун янги имкониятлар яратишга тайёрлигига тўғридан-тўғри боғлиқ.
Ишончим комилки, ШҲТ мамлакатларининг улкан инсоний, табиий, ишлаб чиқариш ва интеллектуал ресурслари, энг аввало, халқларимиз фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилиши лозим."

