Сиёсат

Ўзбекистон Президенти МДҲ Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишида ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб берди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 9 октябрь куни Туркманистондаги «Аваза» миллий сайёҳлик зонасида бўлиб ўтган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этди, деб хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.

Ўзбекистон Президенти МДҲ Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишида ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб берди

«Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов раислигида ўтган саммит ишида Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон, Арманистон Бош вазири Никол Пашинян, шунингдек, МДҲ бош котиби Сергей Лебедев иштирок этди»

Кун тартибига мувофиқ, иштирокчилар кўп томонлама ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашдилар.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида барчани қутлуғ сана – Ҳамдўстликнинг 35 йиллиги билан табриклаб, юз бераётган ўзгаришларга қарамай, мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги яқин инсоний муносабатлар, умумий тарих ва ҳамкорликнинг улкан салоҳияти ўзгаришсиз қолаётганини таъкидлади.

«Бугун дунё тубдан ўзгармоқда. Кескинлик кучайиб, одатий иқтисодий алоқалар қайта қурилмоқда. Бундай вазиятда ишончни мустаҳкамлаш, позицияларни тез-тез мувофиқлаштириб туриш ва келишувларимиз реал натижа беришига эришиш айниқса муҳимдир»,

– деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Иқтисодий интеграция ва саноат кооперацияси аввалгидек барқарорлик ва тараққиётнинг асосий пойдеворларидан бири экани таъкидланди.

Савдо-инвестициявий шерикликни янги босқичга олиб чиқиш учун умумий салоҳиятни ишга солиш ва оддий товар айирбошлашдан қўшилган қийматнинг тўлақонли занжирларини биргаликда яратишга босқичма-босқич ўтиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Ўзбекистон Президенти биргаликдаги саъй-ҳаракатларни жамлаш лозим бўлган бир қатор устувор йўналишларни белгилаб берди.

Биринчи навбатда, гап техник тўсиқларни бартараф этиш, мувофиқлик сертификатларини ўзаро тан олиш ва давлат харидларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳисобига Эркин савдо ҳудудининг тўлақонли фаолият кўрсатиши ҳақида бормоқда.

Иқтисодиётлар барқарорлигини ва одамлар фаровонлигини таъминлаш нуқтаи назаридан озиқ-овқат хавфсизлигининг аҳамияти алоҳида қайд этилди.

Шу муносабат билан, Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари давлат харидлари соҳасида ўзаро имкониятларни кенгайтириш тўғрисидаги битимни ҳамда Озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ҳамкорлик дастурини имкон қадар тезроқ келишиш ва тасдиқлаш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди. Бозорларнинг барқарорлигини ошириш учун озиқ-овқат ва ўғитлар экспортига чекловлар жорий этилишидан олдин Олдиндан хабардор қилиш ва маслаҳатлашувлар механизмини жорий этиш таклиф қилинди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.