Ўзбекистон пенсия ислоҳотига халқаро маслаҳатчилар жалб қилинади

Ўзбекистон пенсия тизимини ислоҳ қилишга халқаро консультантларни жалб этиш режалаштирилмоқда. Бунинг учун Пенсия жамғармаси ҳузурида жамғариб бориладиган пенсияларни ривожлантириш ва тизимнинг молиявий барқарорлигини таъминлаш билан шуғулланувчи алоҳида лойиҳа офисини ташкил этиш кўзда тутилган.
Асосий таклифлардан бири — 2027 йилдан бошлаб жамғариб бориладиган пенсия тизимини «Халқ банки»дан Пенсия жамғармаси тасарруфига ўтказишдир. Шахсий ҳисобварақлардаги маблағлар ҳисоби ва ҳисоботини унинг ахборот тизимига ўтказиш 2027 йил якунига қадар босқичма-босқич амалга оширилиши назарда тутилмоқда. Бундан ташқари, жамғармага яна 31 та штат бирлигини қўшиш таклиф этилмоқда.
Лойиҳада шахсий жамғариш учун янги рағбатлар ҳам кўзда тутилган. Агар фуқаро ихтиёрий равишда иш ҳақининг 5 фоизини пенсия ҳисобварағига ўтказса, давлат киритилган сумманинг 50 фоизигача миқдорда маблағ қўшиши мумкин бўлади.
Жамғармаларнинг ўзи ва уларни инвестиция қилишдан олинган даромадларни мерос қилиб қолдириш ҳуқуқи билан фуқароларнинг шахсий мулки деб тан олиш таклиф этилмоқда. Шу билан бирга, ҳозирча гап фақат ҳужжат лойиҳаси ҳақида бормоқда, якуний қарор ҳали қабул қилинмаган.

