Ўзбекистон МБ асосий ставкани ўзгартиришсиз қолдирди
Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви 16 сентябрдаги йиғилишда асосий ставкани йиллик 14% даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди, деб хабар берди регулятор матбуот хизмати.

Ўзбекистон МБ асосий ставкани ўзгаришсиз қолдирди
«Инфляциянинг пасайиши давом этаётганига ва иқтисодиётда янада мувозанатлашган динамиканинг айрим белгилари пайдо бўлаётганига қарамай, айрим проинфляцион хавф-хатарларнинг сақланиб қолаётгани жорий қатъий пул-кредит шароитларини қўллаб-қувватлашни талаб этади. Шу билан бирга, нархлари йилига 5 фоиздан юқори суръатларда ўсаётган товар ва хизматлар улушининг ортиши иқтисодиётда ҳали ҳам барқарор хусусиятга эга бўлган нархлар босими сақланиб қолаётганидан далолат беради», – дейилади хабарда.
Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари ҳам пасайишда давом этди. Шу билан бирга, инфляцион кутилмалар умумий инфляцияга қараганда секинроқ камаймоқда, бу эса нарх шаклланиши жараёнларида инфляцион инерциянинг маълум бир таъсири сақланиб қолаётганини кўрсатади.
МБ баҳолашига кўра, чакана савдо, хизмат кўрсатиш соҳаси ва инвестицияларнинг ижобий динамикаси фаол истеъмол ва инвестиция талабидан далолат беради. Шу билан бирга, сўнгги ойларда ялпи талабнинг айрим таркибий қисмлари барқарорлашаётгани белгилари намоён бўла бошлади.
Хусусан, жорий пул-кредит шароитлари таъсирида иқтисодиётни кредитлашнинг ўсиш суръатлари аста-секин меъёрлашиб бормоқда. Бунда ижобий реал фоиз ставкалари аҳолининг жамғаришга бўлган мойиллигини қўллаб-қувватламоқда.
«Жаҳон хомашё, озиқ-овқат ва энергия ресурслари бозорларида нархларнинг юқори даражаси ўрта муддатли истиқболда импорт нархлари, транспорт ва логистика харажатлари орқали ички инфляцияга босим сақланиб қолишини белгилаб беради. Ташқи нарх шокларининг ички инфляция учун иккиламчи таъсири кўлами кўп жиҳатдан ички талаб динамикаси ва кўрилаётган таркибий чора-тадбирларга боғлиқ бўлади», – дейилади пресс-релизда.
Тартибга солинадиган нархларнинг либераллаштирилиши давом этаётгани ишлаб чиқариш харажатлари ва хизматлар нархлари орқали иккиламчи инфляцион таъсирларни кучайтириши мумкин.
Ҳозирги қатъий пул-кредит шароитларини сақлаб қолиш ушбу хавф-хатарларнинг барқарор инфляцион жараёнларга ўтишини чеклаш, уларнинг эҳтимолий иккиламчи таъсирини юмшатиш ва инфляцион кутилмаларнинг барқарор пасайишини таъминлаш учун зарур деб баҳоланмоқда.

