Ўзбекистон Марказий банки 2027 йилда иқтисодиётнинг 7–7,5 фоизга ўсишини прогноз қилмоқда
Марказий банк инфляциянинг 2027 йилнинг иккинчи ярмида мақсадли 5% гача пасайишини кутмоқда ва қатъий пул-кредит шароитларини сақлаб қолиш ниятида.

Ўзбекистон МБ 2027 йилда иқтисодиётнинг 7–7,5% га ўсишини кутмоқда
Ўзбекистон Марказий банки 2027 йилда иқтисодиётнинг 7–7,5% га ва 2028–2029 йилларда 6,5–7,5% га ўсишини прогноз қилмоқда. Регуляторнинг базавий сценарийсига кўра, инфляция 2027 йилнинг иккинчи ярмида 5% лик мақсадли даражагача тушиши, кейин эса кейинги икки йил давомида тахминан ушбу қиймат атрофида ушланиб туриши керак.
2026 йил 4 ноябрда Марказий банк бошқаруви 2027 йил ва 2028–2029 йиллар даврига мўлжалланган Pul-кредит сиёсатининг асосий йўналишлари концептуал лойиҳасини тасдиқлади. Ҳужжатда макроиқтисодий ривожланиш прогнозлари, потенциал хавф-хатарлар баҳоси ва нархлар барқарорлигини сақлаш бўйича чора-тадбирлар тақдим этилган.
Базавий сценарийда ташқи ва ички иқтисодий шароитларнинг босқичма-босқич тенглашиши назарда тутилган. Хусусан, регулятор геосиёсий таранглик ва нефть нархларининг эҳтимолий пасайишидан, шунингдек, Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорларида мўътадил ўсиш суръатлари сақланиб қолишидан келиб чиқади.
Ички шарт-шароитларга умумий фискал дефицитни ЯШЎнинг тахминан 3% даражасида ушлаб туриш, кредитлаш ва ички талабнинг мутаносиб кенгайиши, тартибга солинадиган нархлар ислоҳотини якунлаш ва прогноз горизонти доирасида Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши киритилган.
Марказий банк баҳолашига кўра, базавий инфляция 2027 йилда 4–5% гача пасайиши мумкин. Нархлар ўсишини жиловлайдиган омиллар қаторида энергия ресурслари ва коммунал хизматлар тарифларининг аввалги оширилишидан келиб чиққан тўғридан-тўғри эффектнинг якунланиши, ташқи нарх босимининг сусайиши ва ички таклифнинг ортиши қайд этилган.
Регулятор 2026–2027 йилларда қаътий пул-кредит шароитларини сақлаб қолишни режалаштирмоқда. Прогнозга кўра, 2027 йилда пул бозоридаги UZONIA реал ставкаси тахминан 6–7% ни ташкил этади. Ушбу сиёсат ички талабни чеклаш, инфляция кутилмаларини пасайтириш ва миллий валютадаги жамғармалар жозибадорлигини қўллаб-қувватлаш имконини бериши кутилмоқда.
Пул-кредит шароитларини босқичма-босқич юмшатиш масаласи инфляциянинг мақсадли даража атрофида барқарор мустаҳкамланиши учун шарт-шароитлар пайдо бўлганидан кейин кўриб чиқилади. Агар нархлар босими кучайса ёки нархлар ўсишининг иккиламчи эффектлари яққолроқ намоён бўлса, қаътий сиёсат узоқроқ сақланиши мумкин.
Марказий банк, шунингдек, ташқи ва ички шароитларнинг ёмонлашуви эҳтимоли билан боғлиқ муқобил сценарийларни ҳам таҳлил қилди. Асосий хавф-хатарлар қаторида асосий савдо ҳамкорлари валюталарининг сезиларли қадрсизланиши, жаҳонда нефть ва озиқ-овқат нархларининг кескин ошиши, шунингдек, банк секторида рақобатнинг кучайиши фонида кредитлашнинг тезлашиши қайд этилган. Ушбу омилларнинг юзага келиши инфляциянинг базавий прогноздан юқори бўлишига олиб келиши мумкин.
Ҳужжатнинг алоҳида бўлими пул-кредит сиёсати самарадорлигини оширишга бағишланган. 2027–2029 йилларда Марказий банк Пул-кредит сиёсати стратегияси ва уни амалга ошириш бўйича "йўл харитаси"ни ишлаб чиқиш, банк тизими ликвидлигини бошқаришни такомиллаштириш, фоиз коридорини қайта кўриб чиқиш ва UZONIA’нинг пул бозори мўлжали сифатидаги ролини кучайтиришни мақсад қилган.
Шунингдек, шариат тамойилларини ҳисобга олган ҳолда ислом банклари учун ликвидлик тақдим этиш ва жалб қилиш инструментларини ишлаб чиқиш назарда тутилган. Регулятор макроиқтисодий таҳлил ва прогнозлаш тизимларини модернизация қилиш, эҳтимоллик моделлари ва муқобил сценарийлардан фойдаланишни кенгайтиришни режалаштирмоқда.
Bошқа устувор йўналишлар қаторида пул ва молия бозорларини, деривативлар бозорини ва фоиз ҳамда валюта хавф-хатарларини ҳеджирлаш инструментларини ривожлантириш, шунингдек, ички валюта бозори ликвидлигини ошириш ўрин олган.
Бундан ташқари, пул-кредит сиёсати коммуникациясининг умумий стратегиясини тайёрлаш белгиланган. У асосий ставка бўйича қарорлар, инфляция прогнозлари ва хавф-хатарларни баҳолашнинг шаффофлигини ошириши, шунингдек, Марказий банкнинг инфляциянинг мақсадли даражасига эришишдаги ҳисобдорлигини кучайтириши керак.
Сиёсатнинг асосий йўналишлари концептуал лойиҳаси Ўзбекистон Марказий банкининг расмий веб-сайтида жойлаштирилади ва келиб тушган таклифлар ҳисобга олинган ҳолда пухта ишлаб чиқилади.

